Магиc City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида “А” йўлаги учун махсус йўл чизиқлари чизилди. Шунингдек, ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратишга хизмат қилувчи делиниаторлар — жисмоний ажратувчи элементлар ўрнатилмоқда.
Бу пойтахт учун муҳим янгилик ҳисобланади. Эндиликда жамоат транспортига берилаётган устуворлик фақат йўл чизиғи билан эмас, балки йўлакни янада кўринадиган, тушунарли ва интизомга чорловчи қўшимча элементлар билан ҳам мустаҳкамланмоқда.
Бу нима учун керак?
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия, шунингдек, Баку шаҳрида автобуслар учун ажратилган алоҳида йўлаклар жамоат транспорти ҳаракат тезлигини ошириш, тиғиз вақтларда кечикишларни камайтириш ҳамда автобуслар қатнов жадвалини барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
Йирик мегаполислар бундай ечимлардан тирбандликларни камайтириш ва жамоат транспорти жозибадорлигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида фойдаланмоқда.
Делиниаторлар эса алоҳида йўлак самарадорлигини янада кучайтиради: улар бегона автомобилларнинг автобус йўлагига кириб кетиш эҳтимолини камайтиради, тартибсиз қайта сафланишларнинг олдини олади ва ҳайдовчиларга жамоат транспорти устуворлиги қаердан бошланишини олдиндан аниқ кўрсатади.
Таъкидлаш жоизки, жорий йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа элементлар ҳам босқичма-босқич қўлланади.
Асосий мақсад — Тошкентда автобуслар ҳаракатини тезроқ, барқарорроқ ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган тизимга айлантириш.
Жамоат транспорти реал устуворликка эга бўлса, бундан минглаб йўловчилар ютади: йўлда сарфланадиган вақт қисқаради, қатнов қулайлиги ошади, йўллардаги юклама камаяди ва замонавий шаҳар ҳаракати маданияти шаклланади.