Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 8 октябрида қабул қилинган “Тошкент шаҳрида «А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4857 Қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилди.
Муҳокама Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, РДПУ ректори маслаҳатчиси Арсений Парфенов ва РДПУ Тошкентдаги филиалининг янги тайинланган директори Василий Попов иштирокида бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбирда МТВ бошқармалари вакиллари ҳам қатнашдилар.
Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, Ўзбекистон-Россия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
А.И.Герцен номидаги РДПУ ректори маслаҳатчиси А.Парфенов университет маъмурияти номидан ректор С. Богданов Тошкентда А.И.Герцен номидаги РДПУ филиалини очиш ғоясини илгари сургани учун Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига алоҳида миннатдорчилик билдиришини таъкидлади. Эътиборлиси шуки, ушбу филиал РДПУнинг хорижда ташкил этилган биринчи филиали бўлади.
Учрашув давомида Тошкентда А.И.Герцен номидаги РДПУ филиалини очишнинг ташкилий масалалари ҳам муҳокама қилинди, жумладан:
а) филиални очиш ва фаолиятини бошлаш учун йўл харитасини ишлаб чиқиш;
б) филиални давлат рўйхатидан ўтказиш;
в) филиални бошқариш тартиби;
г) филиалнинг тузилиши ва мақомини аниқлаш;
е) ўқув режалари ва дастурларини аккредитация қилиш;
е) филиал биносини лойиҳалаш ва қуриш.
Маълумот учун, А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети 1797 йилда ташкил этилган ва Россиянинг етакчи педагогика университети ҳисобланади. Университет таркибига 2 та тадқиқот институти, 12 та институт («Институт детства», «Институт дефектологического образования и реабилитатсии», «Институт театра, музыки и хореографии» институтлари ва бошқалар.), 11 та факультет киради. 2019 йилда университет нуфузли Times Higher Education (THE) University Impact Rankings 2019 Жаҳон университетлар рейтингига кириб умумий 200 ўриндан 101 ўринни эгаллаган.
2020 йилнинг 21 январь куни Санкт-Петербург шаҳрида А. И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва РДПУ филиалини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида шартнома имзоланган.
Тошкент шаҳридаги филиалда мактабгача таълим, коррекцион педагогика, психология ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Университетда таълим бакалавриат ва магистратура дастурларида ташкил этилади, шунингдек кундузги таълимда профессионал қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув курслари, шунингдек, келажакда сиртқи ҳамда кундузги-сиртқи шакллари ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.