Ушбу нуфузли анжуманда жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан келган 100 дан зиёд етакчи умуртқа жарроҳлари иштирок этиб, ўз маърузаларини тақдим этди.

Муаммоларга ечим ҳақида доим таклифлар бўлади, бироқ уни амалиётга қўллаб самарали натижага эришиш учун қандай ҳамкорлик керак. Шу маънода конференциянинг долзарблиги нимада бўлди.

— Бугунги кунда умуртқа погонаси касалликлари, жумладан, диск чурралари бутун дунёдаги аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи жиддий муаммолардан бирига айланди, — дейди Тиббиёт фанлари доктори Илҳом Ҳўжаназаров. — Айниқса, технологик тараққиёт ва замонавий турмуш тарзи ортидан суяк-мускул тизимига боғлиқ касалликлар сони ортиб бормоқда. Бундай вазиятда жарроҳликнинг эндоскопик усуллари тобора кўпроқ долзарб аҳамият касб этмоқда.

Куни кеча Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия маркази ҳамда Тошкент давлат тиббиёт университети ҳамкорлигидаги CASMISS (Central Asian Society of Minimal Invasive Spine Surgery) III халқаро конференцияси ташкил этишдан мақсадимиз ҳам шу эди. Ушбу нуфузли анжуманда таъкидлаганингиздай, жаҳоннинг 30 дан ортиқ давлатидан олимлар келдилар. 100 дан зиёд умуртқа жарроҳлари иштирок этдилар. Маҳаллий олимларимиз ҳам конференцияга ўз маърузаларини тақдим этдилар.

Конференциянинг асосий мавзуси — умуртқа диск чурраларини замонавий эндоскопик усулда даволаш соҳасидаги илғор тажрибаларни ўртоқлашиш эди. Мен ишонч билан айта оламанки, шу кунгача бу борада клиник ёндашувлар ва техник янгиликлар мавжуд эди, эндиги қадам ўша тажрибаларни амалиётга олиб кириб аввалгиданда замонавий ва осонроқ услубларни фанга йўналтириш. Маърузалар жараёнида олимлар томонидан тақдим этилан усулларнинг кам жароҳатлилиги, беморнинг тикланиш муддатини қисқартириши ҳамда рецидив ҳолатларни камайтириши хусусида аниқ таклифлар эшитдик.

Шу маънода CASMISS анжумани нафақат илм-фан, балки амалий соҳа мутахассисларининг тажриба алмашиши учун ҳам самарали платформа бўлиб хизмат қилади. Конференция давомида қатор амалий мастер-класслар, мутахассислар ўртасида қизғин муҳокамалар ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган музокаралар ўтказилгани ёш олимлар учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди деб ўйлайман.

Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, CASMISS III халқаро конференцияси Ўзбекистон тиббиёти, хусусан, нейрохирургия ва ортопедия соҳаларидаги ислоҳотлар ва илмий изланишларнинг амалдаги натижаси сифатида баҳоланади. Бундай нуфузли тадбирлар нафақат тиббий билим ва технологияларни алмашишга, балки мамлакатимизда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, янги инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади. Зеро, умуртқа жарроҳлигидаги замонавий эндоскопик усулларни ривожлантириш — соҳа келажагининг муҳим йўналиши экан бу каби фикр алмашувлар ҳамон долзарблигича қолаверади.


Ҳамкорлик материали