Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, махсус комиссия Янгиҳаёт туманидаги Жанубий саноат зонасида жойлашган “Ўзвторсветмет” АЖ корхонаси фаолиятини ҳам текширди. Ушбу корхона экологик хавфи юқори бўлган объектлар сирасига мансуб. Аввалроқ, 2025 йил октябрь ойида мазкур корхонада текширув ўтказилиб, унинг якунларига кўра мажбурий кўрсатма берилган эди.

Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан берилган кўрсатмага мувофиқ, корхона бошқа ҳудудга кўчирилмоқда ҳамда Янгиҳаёт туманида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмоқда.

Эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилинади, корхона эса бошқа ҳудудда замонавий, технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда ўз фаолиятини давом эттиради.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атмосферага қарийб 226,7 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олинади. Бу эса Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, Жанубий саноат зонасида фаолият юритаётган “Иккиламчи қора металлар” корхонасининг Тошкент филиали ҳам текширувдан ўтказилди. Мазкур корхона металллоломни саралаш ва пресслаш ишлари билан шуғулланиб, атроф-муҳитга ўртача даражада таъсир кўрсатувчи объектлар қаторига киради.

Текширувлар якунларига кўра, барча корхоналарга экологик меъёрларга қатъий риоя этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Тошкент шаҳри саноат зоналарида экологик назорат ишлари давом эттирилмоқда, аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш масаласи эса алоҳида назоратга олинган.