Маълумки, 2022 йил июль ойидан эътиборан, Франциянинг “Veolia” компанияси ўзининг шўъба корхонаси “Veolia Energy Tashkent” Тошкент иссиқлик таъминоти тизимининг оператори бўлиб фаолиятини бошлаган эди. Унинг вазифаларига иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналардан (“Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ) иссиқлик энергиясини ташиш ва истеъмолчиларга тақсимлаш, шунингдек, компанияга қарашли 218 та маҳаллий қозонхонада шаҳар иссиқлик энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқариш ҳамда пойтахт аҳолисига етказиб бериш  этиб белгиланганди. 

— Ўтган йилгидек, иситиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ҳам асосий эътиборни иссиқлик тармоқларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, нуқсонларни бартараф этиш, хусусан, магистрал ва туман қувурларининг босимга чидамлилигини гидравлик синовдан ўтказиш йўли билан текширдик, — дейди “Veolia Energy Tashkent” компанияси вакили  Лауринас Рариванас. — Шундан келиб чиқиб, туфайли иссиқлик тармоқларидаги 4 мингдан ортиқ носозликларни аниқланиб, бартараф этилди.

Компания томонидан, шунингдек, техник аудит тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад иссиқлик тармоқларининг техник ҳолатини аниқлаш,  нуқсонларни аниқроқ кўрсатиб бериш, мавжуд иссиқлик тармоқлари схемалари ва уларнинг ҳақиқий ҳолати ўртасидаги номувофиқликларни аниқлашдир.

Айни пайтгача 1минг 500 километр иссиқлик тармоқларининг 600 километрдан ортиғи кўздан кечирилди. Аудит тадбирлар 2024 йилнинг март ойигача давом этади.

Бундан ташқари, компания томонидан Бектемир (“Водник” қозонхонаси) ва Сергели (“Саноатэнерго” қозонхонаси) туманларида замонавий қозонхоналар қуришни бошлади. Қурилиш ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимига ўтиш бўйича пилот лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Ёпиқ иситиш тизими билан сув тўғридан-тўғри иссиқлик истеъмоли жойида, аниқроғи обектнинг ўзида иситилади. Бу очиқ тизимда (иссиқлик энергиясини қозонхонадан бинога ташишда) муқаррар равишда юзага келадиган иссиқлик энергиясини йўқотишнинг олди олинади.

Бугунги кунда иккала қозонхонанинг қурилиши якунланмоқда.

Умуман олганда, “Veolia Energy Tashkent” иссиқлик таъминоти фаолияти замонавий энергия тежамкор қозонхоналар қуриш ва энергия истеъмолини оптималлаштириш борасида муайян ишларни амалга оширмоқда. Натижада келгусида,  иссиқлик таъминоти тизимининг умумий самарадорлигини 50 фоизгача оширилади. Иссиқликдаги йўқотишлар 13 фоизга камайтирилиб, табиий газни 45 фоизгача тежалади. Иссиқлик тармоқларининг хизмат муддатиэса 30 йилгача узайтирилади.

Маълумот учун, Франциянинг “Veolia” компанияси ўзининг “Veolia Energy Tashkent” шўъба корхонаси орқали пойтахтимизнинг иссиқлик таъминоти тизимини 2021 йил 29 сентябрдаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ  30 йил муддатга бошқаради. Компания 2022 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини бошқариб келмоқда.