2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»га бағишланган тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Бадиий академия ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Маросим аввалида Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табриги ўқиб эшиттирилди.
«Тўққизинчи Тошкент Халқаро Биенналеси замонавий санъатнинг рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, инсталляция, видеоарт, фотоарт сингари барча турларини намойиш қилиш, санъат ривожига таъсир кўрсатадиган янги ғоялар ва истиқболли тамойилларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиляпти, – дейилади табрикда. – Бу галги тадбир ҳам Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар рассомларининг самарали ҳамкорлиги учун кенг имкониятлар яратиб беради».
Очилиш маросимидан сўнг Марказий кўргазмалар залида польшалик рассомлар кўргазмаси ҳамда Буюк британиялик рассом Юнус Сафардиёр томонидан ёш рассомлар учун маҳорат дарси ташкил этилди. Бундан ташқари, Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон ва хорижлик фоторассомлар кўргазмасининг очилиши ҳам бўлиб ўтди.
Маълумот учун, беш кун давомида санъат ихлосмандлари – АҚШ, Аргентина, Арманистон, Бангладеш, Беларусь, Болгария, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Исроил, Испания, Италия, Канада, Қозоғистон, Қирғизистон, Қувайт, Литва, Малайзия, Миср, Нидерландия, Озарбайжон, Польша, Россия, Руминия, Сербия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Тунис, Филиппин, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Эрондан келган 35 нафар ижодкор ҳамда маҳаллий рассом-усталар ўз санъат асарларини намойиш этадилар ҳамда ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўладилар.
Тошкент халқаро Биенналлеси тасвирий санъат соҳасида маданий алмашинув, турли мамлакатлар замонавий ижодий салоҳияти билан танишув, замонавий санъатнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш учун очиқ майдон бўлиб хизмат қилади. Биеннале кўргазмаларида жаҳон ва миллий санъат намуналари намойиш этилади. Замонавий тасвирий, концептуал санъатнинг хориждаги машҳур намояндалари билан ижодий тажриба алмашиб, мулоқотлар уюштирилади. Жаҳоннинг нуфузли илмий даргоҳлари вакиллари иштирокида илмий-амалий конференциялар ўтказилади.
Тошкент халқаро замонавий санъат Биенналеси 28 октябрга қадар давом этади, деб хабар беради Туризм ва мадани ймерос вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоизки, Тошкентда тўққизинчи марта ўтказилаётган тадбир халқларни яқинлаштириш, дунё тасвирий санъат вакиллари ўртасида мустаҳкам кўприк, ижодий мулоқот, санъатда бой меросга эга Ўзбекистон номини жаҳонга тараннум этишга хизмат қилади.