Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили арафасида Сергели туманида транспорт ва пиёдалар қатнови учун муҳим бўлган янги инфратузилма объекти — “Жунариқ” ва “Юқори Дархон” маҳаллаларини боғловчи замонавий кўприк фойдаланишга топширилди.

Кўприкнинг узунлиги 28 метр, кенглиги 8 метрни ташкил этади. Мустаҳкам ва барқарор конструкция асосида бунёд этилган иншоот 80 тоннагача юкни кўтариш имкониятига эга.

Янги кўприк автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши билан бирга пиёдалар, айниқса мактаб ўқувчиларининг хавфсиз ва қулай ўтишини таъминлайди.

Эндиликда каналнинг икки томонида жойлашган маҳаллалар ва таълим муассасалари ўртасида хавфсиз ва қулай қатнов йўлга қўйилди.