23 январь куни Хитойнинг Шенчжен шаҳрида Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков бошчилигидаги делегация «Beijing North Bartholet Ropeway Technology Co., Ltd» компанияси вакиллари билан учрашди.

Компаниянинг МДҲ давлатлари билан ишлаш бўйича директори Бей Кю пойтахт вакилларини самимий қарши олиб, қўшма корхонанинг Швейцария сифатининг фундаментал тамойиллари асосида шаҳар мобиллигини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган ечимларни ишлаб чиқиш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақида гапирди.

Ш.Умурзаков Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаларига мувофиқ Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган йирик лойиҳалар, жумладан, «яшил» жамоат транспортини ривожлантириш дастурлари ҳақида гапирди.

Ҳамкорликнинг бир нечта вариантлари, шаҳарда таклиф этилаётган транспорт турлари ва йўналишлари кўриб чиқиш учун таклиф этилди.

Бей Кю ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини ва Тошкент томонининг ушбу йўналишдаги барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича «Тошкент инвест компанияси» АЖ ва «Beijing North Bartholet Ropeway Technology Co., Ltd» ўртасида инвестиция шартномаси имзоланди. Лойиҳа ер усти транспортини канатли таксилар билан дубльёр такрорлашга қаратилган бўлиб, жамоатчиликка олдиндан тақдим этилиши режалаштирилган, уларнинг тавсиялари ва таклифлари «Beijing North Bartholet Ropeway Technology Co., Ltd» лойиҳа офисига юборилади.

Компания, ўз навбатида, унинг хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилишини ва операцион бошқарувини таъминлайди.

Маълумот учун:

«Beijing North Bartholet Ropeway Technology Co., Ltd» Хитой ва Швейцариянинг «Bartholet Maschinenbau AG» компанияси ўртасидаги қўшма корхона бўлиб, канат йўллари, истироҳат боғлари, машинасозлик ва ёритиш ускуналари соҳасида жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади.

Суратда компания мутахассислари томонидан шаҳар ривожи, аэропорт ва Экспомарказининг ишга туширилиши, шунингдек, бўлажак халқаро тадбирларни ҳисобга олган ҳолда транспорт ҳолатини ўрганиш асосида таклиф этилган лойиҳалар намуналари кўрсатилган.