4 йил давомида ўтказиб келинаётган «Наврўз» Тошкент халқаро марафони нафақат профессионал спортчиларни, балки ўз соғлиғи учун барча ёшдаги югурувчи спорт ишқибозларини ҳам жамлади ҳамда Ўзбекистондаги энг йирик, энг муҳим спорт тадбирларидан бирига айланди.
Марафоннинг старт ва финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳаси («Ҳумо Арена» муз саройи) да жойлашган бўлиб, ШҲТ Тошкент халқаро ярим марафонининг йўналиши пойтахтнинг марказий кўчалари яъни Нукус, Абдулла Қодирий ва Абай бўйлаб ўтади.
Бу йил югуришлар икки масофада, классик марафон (42 км 195 м) ва 10 км масофада ўтказилмоқда. Марафон масофасида спортчи масофани босиб ўтиши керак бўлган вақт чегараси белгиланди. Марафон югуришида қатнашувчиларнинг ёши 18 ёш ва ундан катта, 10 км масофага югуришда иштирокчиларнинг ёши чекланмаган.
Марафонда ва 10 км масофага югуришларда ҳар қандай жисмоний шахслар ва ташкилотлар иштирокчи анкетасини тўлдириш орқали белгиланган муддатларда рўйхатдан ўтиши мумкин.
Трасса йўналиши Халқаро АИМС тизими томонидан сертификатланган бўлиб, трассанинг узунлиги 21 км 97,5 мни ташкил этади ва марафон иштирокчиси икки давра югуриши керак.
Марафонда эркаклар ва аёллар ўртасида 1-5 ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотлари билан (1-ўрин – 30 миллион, 2-ўрин – 20 миллион, 3-ўрин – 10 миллион, 4-ўрин – 5 миллион, 5-ўрин – 3 миллион сўм) ҳамда ғолиб, совриндорлар медаллар билан тақдирланади.
10 км масофада эркаклар ва аёллар ўртасида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчилар пул мукофотлари (1-ўрин – 3 миллион, 2-ўрин – 2 миллион, 3-ўрин – 1 миллион сўм) ва медаллар билан тақдирланади.
Мусобақа ғолиблари ва иштирокчиларига тадбир ташкилотчилари ва ҳомийлари томонидан қўшимча совғалар топширилиши мумкин.
Марафон масофасини белгиланган вақт ичида босиб ўтган иштирокчилар марра медалига сазовор бўлади.
Тошкент халқаро «Наврўз» марафонида ЎзНАДА вакиллари иштирок этади, ходимлар ихтиёрий спортчилардан танлаб допинг-тест олишлари мумкин бўлади. Допинг текширувидан ўтган совриндор спортчилар, таҳлил натижалари аниқ бўлганидан сўнг мукофот пулларини олишлари мумкин ҳисобланади.