Тадбирда мактабгача таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу борадаги ўзаро алмашувларни янада мустаҳкамлашнинг асосий йўналишлари ва қўшма режалари ҳам белгилаб олинди.
Ким Чанг Кеон учрашувда таълим муассасалари фаолиятини онлайн шаклда мувофиқлаштирувчи, таълим жараёни ва ўқувчиларнинг ўзлаштириш ҳолати ҳақида барча зарур маълумотларни ўз ичига олган EDU LINK ахборот тизими концепциясини тақдим этди.
Тизим, шунингдек, ота-оналар ва талабалар учун янгиликлар ва муҳим эълонларни юбориш имконини беради. Мазкур лойиҳа КЎБУ ва Ассоциацияга аъзо компанияларнинг бевосита кўмаги ва иштирокида техник ва ташкилий масалаларни ҳал этиш орқали бепул амалга оширилади.
Агриппина Шин Жанубий Корея таълим тизимининг юксак даражада ривожланганини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Корея Республикасига ташрифи якунлари бўйича Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганини таъкидлади. Шунингдек, у таълим соҳасидаги икки томонлама лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш ва мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имкониятларини топишда бевосита иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар Жанубий Корея EDU LINK тизимини Ўзбекистонга беғараз тақдим этиш лойиҳаси тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолади.
Вазир ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистон таълим тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга муҳим ҳисса қўшиши, балки мамлакатимиз ёш авлод вакилларига таълим ва ахборот тизимларини ривожлантириш соҳасида Жанубий Кореянинг энг илғор тажрибаси билан яқиндан танишишга имкон беришига ишонч билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Учрашув якунида томонлар EDU LINK лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фаол музокаралар ўтказишга келишиб олди.