Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилади.
Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон етакчи ва тадбиркор аёллари, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банки юқори даражадаги вакиллари ва халқаро экспертлари иштирокида ташкил этиладиган тадбир доирасида ишбилармон аёллар кўргазмаси, тематик анжуман ва B2B форматида кооперацион биржа ўтказилади.
Учрашувларда саноат, хизмат кўрсатиш, туризм, савдо, қишлоқ хўжалиги, амалий санъат, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишлар бўйича 400 дан зиёд Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонлик тадбиркор аёллар ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиши ва тегишли келишувларга эришиши кўзланган.
Форумда барқарор ривожланиш соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёллари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган «Йўл харитаси» қабул қилиниши ҳам кутилмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА.