Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов мазкур ҳолат юзасидан маълумот беришича, 30 март куни тунги вақтда Юнусобод туманида «Malibu» ва «Leapmotor» автомобиллари иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Ҳодисадан кейин ҳайдовчилар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.
Чақирув асосида етиб келган ЙПХ ходимлари «Malibu» ҳайдовчисини алкотестер орқали текширмоқчи бўлган. Бироқ у қонуний талабларга бўйсунмай, ходимларга фаол қаршилик кўрсатган ва улардан бирининг юзига мушт туширган.
Шундан сўнг ходимлар хавфсизликни таъминлаш мақсадида махсус воситалардан фойдаланиб, қонунбузарни зарарсизлантирган.
Ҳозирда ушбу шахс ушланган бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.