Қарор билан боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳам тасдиқланди. «Йўл харитаси»нинг 29-бандига кўра, қуйидагилар амалга оширилади:

- Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби бокс бўлимининг Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари учун Тошкент шаҳрида замонавий (бошқарув биноси, бокс зали, сауна, конференция зали, 100 ўринли ётоқхона ва ошхонага эга) бокс базасини қуриш;

- 2021 йил октябрга қадар Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги «Спорт объектлари инфратузилмасини ривожлантириш инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси томонидан бокс бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун замонавий бокс базасини қуриш масаласини белгиланган тартибда 2022 йил қурилиш манзилли дастурига киритиш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

- 2021 йил августга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан замонавий бокс базасини қуриш учун ер ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;

- 2022 йил май ойидан бошлаб Тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда манзилли қурилиш дастурига асосан Тошкент шаҳрида замонавий бокс базасини 2022-2023 йилларда қуриш ҳамда зарур спорт инвентарлари ва жиҳозлари билан жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш.

Мазкур банднинг ижросини таъминлашда Туризм ва спорт вазирлиги (А.Каримов), Ўзбекистон бокс федерацияси (С.Полатов), Молия вазирлиги (Ж.Абруев), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Бобоев) ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) масъул ижрочилар этиб белгиланган.