Пойтахт ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида криптоактив савдолари билан ноқонуний шуғулланиб келаётган шахслар аниқланди.

Олинган маълумотларга кўра, Аброр ва Бойисхон исмли шахслар турли сайтлар орқали лицензияга эга бўлмай туриб, қонунга хилоф равишда криптоактивлар савдоси билан шуғулланиб келган.

Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, 2025 йил июль ойидан бугунга қадар гумонланувчилар яшаш манзилида қўшимча қурилмалар ва махсус дастурий воситалар орқали бир аккаунтдан фойдаланиб, криптоактивлар савдосини амалга оширган. Уларнинг айланмаси 793 000 АҚШ долларини ташкил қилган.

Тезкор қидирувда бир дона компьютер жамланмаси, 22 та телефон, уч дона SIM-карта ва 229 та банк карта ашёвий далил сифатида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 278-прим 8-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Пойтахт ИИББ томонидан "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар доирасида бу каби чоралар давом эттирилмоқда.