Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, марказ биносининг тантанали очилиш маросимида мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Бош штаб бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов, хорижий мамлакатлар элчихоналарининг ҳарбий атташелари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этдилар.
Мудофаа вазирининг шахсий таркибни рағбатлантириш тўғрисидаги буйруғига кўра, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда қурилиш, таъмирлаш жараёнида фаоллик кўрсатган мутасаддилар тақдирланишди. Сўзга чиққанлар жамоани янги қулайлик ва имкониятлар билан қутлаб, тингловчиларнинг халқаро доираларда ҳамиша эркин мулоқотга кириша олишларига тилак билдиришди.
Марказ ходимлари меҳмонларга хорижий тилларни ўқитишда мультимедиа ва лингвистик лаборатория имкониятлари, ўқитишнинг замонавий методикалари, Ахборот-ресурс маркази ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Тадбир доирасида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли томонидан тақдим этилган бадиий дастур иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.
Шундан сўнг меҳмонлар марказнинг ўқув биноси, ётоқхона ва ошхонасини бориб кўрдилар.