Қайд этилишича, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил“ иқтисодиёт йили“ муносабати билан бу галги йўқ қилиш тадбирида атроф-муҳитга ва инсонлар саломатлигига зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланиш мақсадида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд қарори асосида йўқ қилиниши белгиланган тамаки маҳсулотлари ёқиб юборишдан аввал қоғоз ўровларидан ажратилди.

Сўнгги йилларда божхона органлари томонидан ноқонуний тамаки маҳсулотларини очиқ тарзда йўқ қилиш анъанага айланди. Бундай чоралар жамият томонидан ижобий баҳоланиб, қонунбузарликларнинг олдини олишда самарали натижалар бермоқда. 2024 йилда Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ҳажми 19,4 фоиздан 9,6 фоизгача камайган. 

Йўқ қилинган маҳсулотларнинг аксарияти Тошкент аэропортида қўлга олинган. Ноқонуний йўллар билан олиб келинган ушбу тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати 1 миллиард сўмни ташкил этади.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса 137 та ҳолатда қиймати 9,3 млрд сўмлик 305 минг қути тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош қилинган.