Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева  кириш сўзи билан очар экан, ШҲТ ўтган 21 йил давомида узоқ эволюцион йўлни босиб ўтганини, минтақада хавфсизликни таъминлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш масалаларида самарали тузилма сифатида ўзини намоён қилганини, ташкилотнинг халқаро майдондаги роли ва ўрни ортиб бораётанини алоҳида таъкидлаб ўтди.  

Форумнинг очилишида, шунингдек, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли вазирлик, идора, ташкилотлари раҳбарлари нутқ сўзлади. 

Тадбирда таъкидланганидек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматларининг ташаббуслари, хотин-қизлар ҳаракати ва ташкилотларининг фаол иштироки туфайли кейинги йилларда ШҲТ доирасида аёллар ҳамкорлик имкониятлари янада кенгайди. Уларнинг фаол мулоқоти, шу жумладан, ШҲТ Хотин-қизлар форуми йўлга қўйилди.   

Тадбирда иштирокчилар томонидан кейинги йилларда аёллар тенг ҳуқуқлилиги, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги тўлақонли иштироки мамлакатлар иқтисодий ривожланиши ҳамда ШҲТга аъзо давлатларда жамиятни демократлаштириш ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қаралаётгани қайд этилди.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллашди. Хусусан, мамлакатда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишдаги ишлар “Ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди” деган қатъий тамойил асосида барча соҳаларда ташкил этилди. Жумладан, 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (2 та қонун, 36 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда ҳукумат қарорлари) қабул қилинди. Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда “Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти” платформасини йўлга қўйди. Натижада минтақада хотин-қизлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари кучайтирилиб, чинакам дўстлик ришталари ўрнатилди.

Айни пайтда форум ўз ишини бешта сессияга бўлиниб  давом эттирмоқда. Тадбир якунида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро муносабатларни кенгайтиришда хотин-қизлар салоҳиятини сафарбар этиш, мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик, ШҲТ маконида инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга асос бўлувчи қўшма коммюнике қабул қилинади.

                                                                                     Баҳор Хидирова,

                                                                                     “Янги Ўзбекистон” мухбири