Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу экспертлар йиғилишида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Венгрия, Туркий савдо-саноат палатаси, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти Котибияти ва бошқа мамлакатларнинг етакчи таҳлил марказларидан  60 нафардан ортиқ  вакил иштирок этмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Иштирокчилар туркий давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, транспорт-коммуникациянинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо, инновация технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этишда шерикликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилади.

Форум дастурида ТДТ мамлакатлари таҳлил марказлари ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг кейинги механизмларини ишлаб чиқиш, ташкилот фаолиятини экспертлар томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнини чуқурлаштиришга қаратилган Англашув меморандумини имзолаш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз: тадбир 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ТДТнинг олий даражадаги биринчи саммити арафасида ташкил этилди. У туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга хизмат қилади. ТДТнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегиясининг қабул қилиниши давлат раҳбарлари учрашувининг муҳим воқеаси бўлади.