Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида бу каби халқаро тадбирларнинг ўтказилиши яхши анъанага айланиб бормоқда.
Тадбир меҳнат муносабатларини, биринчи навбатда, муносиб меҳнат тамойилларини такомиллаштириш жараёнларида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда янги таклиф ва ғояларни ишлаб чиқишда салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Юқори даражада ўтказилаётган ушбу халқаро тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти
Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Коллер, БМТ, ЕТТБ, Европа иттифоқи ва қатор халқаро ташкилотлардан 100 га яқин мутахассислар ва экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этмоқда.
Конференцияда сўзга чиққан Сенат Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
Мана неча йилдирки, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатмоқда. Ўзбекистон 2017-2021-йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича стратегияни амалга ошириш доирасида салмоқли натижаларга эришди.
Ғурур билан айтишимиз мумкинки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган 300 га яқин қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 122 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатмоқда, териладиган пахтанинг 100 фоизи ана шу корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Пахта теримчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2021 йилда қўлда терилган 1 килограмм пахта учун тўланадиган ҳақ 2015 йилга нисбатан қарийб 10 баробар оширилди.
Конференция давом этмоқда.