Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича,Тошкент шаҳрида экологик жиҳатдан хавфли 87 та корхона фаолият юритмоқда. Уларни кўчириш ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мослаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус комиссия томонидан саноат объектларида доимий рейд текширувлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳри Янгийҳаёт тумани Жанубий саноат зонасида иккилламчи рангли металларни йиғиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Ўзвторсветмет» АЖ фаолияти ўрганилди. Ушбу корхона экологик хавфлиликнинг 1-тоифасига мансуб объект ҳисобланади.
2025 йил октябрь ойида ўтказилган текширувлар давомида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, корхонага мажбурий кўрсатма берилди.
Шунингдек, етказилган экологик зарар учун 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида компенсация ҳисобланди.
Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кўрсатмаларига асосан, атроф-муҳитга салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида мазкур корхона Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчирилади ва Янгийҳаёт тумани ҳудудида ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилади.
Компенсация тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳисобидан эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилиниб, корхона фаолияти замонавий, экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда давом эттирилиши режалаштирилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида йилига ўртача 226,7 тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олиниши кутилмоқда. Бу эса Тошкент шаҳри Янгийҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.