Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблардаги таълим сифатини кўтаришга алоҳида берилаётган эътибор натижасида бугун 215-мактаб нафақат Тошкент шаҳридаги, балки республикамиздаги энг замонавий мактаблардан бирига айланди. 2020 йилда мактабда амалга оширилган капитал таъмирлаш ишлари натижасида барча синфхоналар, фаоллар ва спорт зали, компьютер ҳамда лаборатория хоналари, мактаб кутубхонаси тўлиқ таъмирланиб, замонавий қиёфага эга бўлди.

Мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Камола Қурбонова тумандаги тажрибали бошланғич синф ўқитувчиларидан бўлиб, ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида катта нуфузга эга. Мактабда математика фанидан Феруза Бобоева, тарих ва ҳуқуқ фанидан Сайёра Мирзақулова, рус тили фанидан Маҳфуза Юлдашева каби ташаббускор ва фидоий ўқитувчилар бор.

Келгусида мактабни ҳудуддаги энг пешқадам мактабга айлантириш учун қўшимча таълим хизматлари кўрсатилмоқда. Ўқувчилар билимини ошириши учун фан ва спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Эътиборли томони, 2021-2022 ўқув йилида 1-синфга чиқадиган болалар учун бепул мактабга тайёрлов курси иш олиб бормоқда.