Маълум қилинишича, 14 декабрь куни Ўзбекистонда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси иш бошлади.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарияти, ИТСВ, Савдо-саноат палатаси, вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, холдинг компаниялари вакиллари, шунингдек, ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Ярмаркада жами 3 минг 185 та саноат ва ҳудудий корхоналар иштирок этиб, 5 минг 169 дона маҳсулот тури намойиш этилмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, мазкур ярмарка мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни кўпайтириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.