Катта майдон бўйлаб кенг ёйилган баланд биноларнинг кираверишига ёзилган “Texnopark” сўзини ўқиган инсон “бу қандай парк экан”, деган ҳаёлга бориши табиий. Иншоотнинг замонавий қиёфасидан ҳайратланаётган ўша кишиларга “бу парк эмас”, дейишга шошилманг. Боиси, энг илғор технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи техникалар ишлаб чиқарадиган корхоналардан иборат “Texnopark”ни айланган одам ўзини ҳақиқатан замонавий қурилмалар “хиёбони”да юргандек ҳис этади.

2019 йилда Тошкент шаҳар Яшнобод туманида ташкил этилган ана шундай катта ҳудудга эга “Texnopark” МЧЖда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жорий йил бошида инвестиция асосида электрон газ ҳисоблагичлар ва маиший совутгичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Ноябрь ойида яна 4 та йирик лойиҳа — лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар, сув насослари ва саноат кондиционерлари ҳамда совутиш тармоқлари ишлаб чиқаришга старт берилмоқда. Технопарк бўйлаб ташкил этилган медиа-тур давомида журналистлар замонавий корхоналардаги қизғин иш жараёни билан танишди.

Пресс-тур иштирокчиларининг илк манзили лифт ва эскалаторлар ишлаб чиқариш корхонаси бўлди. Шу ернинг ўзида чиқарилган эскалатор ёрдамида бир зумда юқорига кўтарилган меҳмонлар замонавий, шинам ва бетакрор дизайнга эга лифтларни кўриб, ҳайратини яшира олмади. Айримлар ҳатто, бу лифтлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётганига ишонмади ҳам. Аммо “Технопарк” МЧЖ лифт ва эскалатор ишлаб чиқариш заводи раҳбари Рустам Давлатхўжаевнинг таништируви ҳамда иш жараёнининг бевосита амалга оширилиши шубҳаларни тарқатиб юборди.

— Корхона асосий 2 та бинодан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш майдони 12,5 минг квадрат метрга тенг, — деди Рустам Давлатхўжаев. — Лойиҳа Япония ва Хитой қўшма корхонаси “Shanghai Mitsubishi” билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Заводда йўловчи ташувчи, юк ташувчи, панарамали ва касалхоналар учун мўлжалланган ҳамда буюртмачиларнинг талаблари асосида турли хилдаги лифтлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Лойиҳанинг умумий қиймати 12,2 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 минг донани ташкил этади. Бизда лифтларга буюртмачи корхонанинг номи акс этган логотипларни тушириб бериш имкони ҳам бор. Ҳозир бу ерда 200 дан ортиқ иш ўрни яратилган.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган лифтлар қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Улар барча турдаги бинолар, маъмурий идоралар, савдо ва кўнгилочар комплекслар, турар-жой мажмуалари, меҳмонхона ва шифохоналарда фойдаланишга мўлжалланган. Энг қулай томонларидан бири, ушбу лифтлар фавқулодда вазият ёхуд электр токи ўчиб қолган вақтларда кабина ичидаги мижозни битта пастги қаватга тушириб, автоматик тарзда эшикни очиб беради. Бу эса йўловчиларнинг турли ноқулай ҳолатлардан хавфсирамасдан, лифтлардан доимий фойдаланишига замин яратади.

Шу йилнинг 20 ноябрь куни Президентимиз “Технопарк” МЧЖга ташрифи давомида Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқлигини айтиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш эвазига таннархни тушириш, эски лифтларни алмаштириб, янгиларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу жиҳатдан,  ишлаш муддати ўтиб қолган лифтларнинг ўзини ҳисобга олса, республика бўйича минглаб эскирган лифтларни янгисига алмаштириш зарур. Айни пайтда корхона бу борадаги буюртмаларни олиш ҳамда янги қурилаётган уйлар учун лифтлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

Шунингдек, лойиханинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш мақсадида корхона ҳудудида баландлиги 60 метр бўлган синов минораси ташкил қилинган. Ушбу турдаги ишлаб чиқариш мажмуаларининг ажралмас бўлаги ҳисобланган бундай синов минораси Ўрта Осиёда ягоналиги билан ажралиб туради.

Маҳаллийлаштириш даражаси ортмоқда

Минтақада ягона бўлиши кутилаётган лойиҳалардан яна бири “Сув насослари ишлаб чиқариш” бўлиб, унинг умумий қиймати 8,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 550 минг дона. Ишлаб чиқарувчилар маҳаллий бозорга 4 тур, 10 хил моделдаги маҳсулотларни етказиб бериш ва уларга бўлган импорт талабини босишни мақсад қилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар маиший ҳусусиятга эга бўлиб, асосан уй ва қишлоқ ҳўжалиги, томчилаб суғориш ва иссиқхона комплекслари, шунингдек, маиший сув иситиш тизимларининг ажралмас қисми сифатида фойдаланишга мўлжалланган.

“Технопарк”нинг саноат кондиционерлари ва совутиш тармоқлари ишлаб чиқариш бўлимида 300 та янги иш ўрни яратишга эришилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80 минг дона бўлган мазкур лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатлари орасида ягона ҳисобланади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунга қадар фақат импорт маҳсулоти сифатида хориждан олиб кириладиган совутиш тизимлари ўрнини маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига қоплаш имконияти яратилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан ижтимоий соҳа обьектари ва қишлоқ хўжалигида (совутиш омборхоналари) бирдек фойдаланиш мумкин.

“Пресс-форма ва қолиплар ишлаб чиқариш” бўлимида эса совутилган холда штамплаш йўли билан металлга шакл берувчи қолиплар ва қуйиш йўли билан пластик маҳсулотларга шакл берувчи пресс-формалар ишлаб чиқарилади. Шу турдаги бошқа пресс-форма ускуналари бир дақиқада 5 та детал ишлаб чиқарса, ушбу корхонада бу кўрсаткич бир дақиқади 20 та детални ташкил этади. Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 донага тенг.

Умумий қиймати 7,7 миллион АҚШ долларни ташкил этувчи мазкур лойиҳанинг ҳамкорлари жаҳонга машҳур Япониянинг “Sodick”, Туркиянинг “Istanbul Makinа” ва Германиянинг “Wilhelm Oberste-Beulmann GmbH & Co.KG” компаниялари хисобланади. 2021 йил якунига қадар жамият томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда сифатли хизмат кўрсатишни ташкил этишга қаратилган яна 11 та йирик инвестициявий лойиҳалар ишга туширилиши, бунинг натижасида 7 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Энг замонавий технология ва тезкор техникалар асосида кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилган мазкур Технопаркнинг асосий вазифаларидан бири   юқоридаги маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражасини оширишдан иборат. Ушбу йирик саноат майдонидаги барча лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2021 йилда 520 миллион долларлик маҳсулот тайёрлаш ва 105 миллион долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири