Илк бор ташкил этилган сайёр қабул аввалида авиация соҳасидаги янги лойиҳалар, айниқса йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш мақсадида яратилаётган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сайёр қабул доирасида йўловчиларни қийнаётган муаммолар бўйича иштирокчилар билан мулоқот қилиниб, аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш, вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича масъул раҳбар ва ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, тадбирда Тошкентдан Фарғона водийсига авиақатновлар сонини оширишни кейинги йилга режалаштиргани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, учрашув доирасида Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига тўғридан-тўғри қатновлар йўлга қўйилиши ҳақида ҳам таклифлар бўлди. Бу аҳолининг республика ичида ҳаракатланиш даражасини ошириш, йўловчилар оқимини кўпайтириш ва мамлакатимиз ички туризмини ривожлантириш имконини беради.
Телеграм-бот ёки онлайн-маслаҳатчи яратиш кераклиги ҳақида таклиф келиб тушди, унда парвоз ҳақидаги барча маълумотлар, бориладиган мамлакатнинг янги қоидалари ва бошқа маълумотлар тақдим этилиши кераклиги ҳақида айтиб ўтилди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси бу каби халқ билан учрашувларни ҳар бир вилоятда уюштириб, йўловчиларни қийнаётган саволларга ечим топиш, уларни таклиф-мулоҳазаларини ўрганишда давом этиши таъкидланди.