Мулоқотда агентлик раҳбарияти билан бирга Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазири ўринбосари Ahmet Misbah Demircan, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Olgan Bekar, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм маслаҳатчиси Alparslan Akıncı ва бошқалар иштирок этди.

Кинематография агентлигининг хабар беришича, томонлар мулоқот давомида "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивалида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боришди. Унга кўра фестиваль доирасида Ўзбекистонда турк кино кунлари ўтказилиши режалаштирилди. Шунингдек, икки давлат киноижодкорлари иштирокида учрашувлар, жонли мулоқотлар ташкил этиш масалалари илгари сурилди. Мулоқотда Туркия Республикаси Маданият ва Туризм вазири ўринбосари турк киноижодкорларининг ташрифлари Туркия ва Ўзбекистон телеканаллари орқали эфирга узатилиши таклифини билдирди. Шу билан бирга Тошкент халқаро кинофестивалига машҳур турк киноюлдузларининг ташрифини таъминлаш ва кутиб олиш ишлари кўриб чиқилди.

Агентлик Бош директори Туркия делегацияси билан мулоқот сўнгида 28 сентябрь куни старт олиши кутилаётган Тошкент халқаро кинофестивали меҳмонларда ёрқин ва унутилмас хотиралар қолдиришига ишонч билдирди, деб хабар бермоқда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.