Ҳозирги аэропорт имкониятларини 2029 йилгача тўлиқ сарфлаб бўлиши прогноз қилинмоқда.
Тошкентнинг янги халқаро аэропорти қурилишини июнь ойида бошлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 5 май куни Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки йиғилиши доирасида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим якуний босқичда ва у май ойи ўрталаригача имзоланиши керак.
Тошкентнинг амалдаги аэропорти тақдири ҳақидаги саволга вазир ўринбосари янги аэропорт очилганда эскисини ёпиш режалаштирилаётганини айтди.
"Аслида концептуал ечим бор, хусусий шерик билан келишилган шартлар мавжуд. Агар янгисини очсак, эскисини ёпишимиз керак. Бу мантиқан тўғри. Унинг ўрнида айнан нима бўлиши эса ҳозирча номаълум", деди Жасурбек Чориев.
"Янги Тошкент" халқаро аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, 1300 гектар майдонда қурилади. Шавкат Мирзиёев 2025 йил октябрь ойида қурилишга старт берганди.
Янги аэропорт қуриш қарори кейинги саккиз йил ичида пойтахтга йўловчи оқими уч баравар кўпайиб, йилига 9 миллион кишига етиши, 2040 йилга бориб эса бу кўрсаткич 24 миллиондан ошиши учун қабул қилинганди. Амалдаги аэропорт 11 миллион йўловчига мўлжалланган бўлиб, у шаҳар ичида жойлашган.
Объект давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида барпо этилади. Консорциум таркибига қуйидагилар кирди:
Vision Invest (Саудия Арабистони) — 45%;
Sojitz Corporation (Япония) — 30%;
Incheon International Airport Corporation (Жанубий Корея) — 15%;
Uzbekistan Airports (Ўзбекистон) — 10%.
Лойиҳа тўрт босқичда ишлаб чиқилган. 2,5 млрд долларга тушадиган биринчи босқич аэропорт терминали ва аэродром қуришни ўз ичига олади.
Қуриб битказилгач, аэропорт йилига 20 млн йўловчи ва 129 минг тонна юкни қабул қила олади, соатига 30 тагача учиш-қўнишни амалга оширади ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та самолётни қабул қила олади.
Янги аэропорт мажмуаси тўғридан-тўғри Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ автомобиль йўлларига уланади. Шунингдек, юқори тезликдаги поездлар қатновини таъминлайдиган темирйўл вокзали қурилади ва Тошкент ва Янги Тошкент марказлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилади.