Нуфузли меҳмонлар қатор давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, йирик молия ташкилотлари, таниқли бренд ва компаниялар эгаларидан иборат.
Улар орасида BlackRock, Coca-Cola, Veolia, JAC Motors, John
Deere, TBC Bank, SOCAR каби юзлаб дунё гигантларини учратиш
мумкин. Мазкур брендлар вакилларини Ўзбекистонга бир мақсад — V Тошкент халқаро
инвестиция форумида иштирок этиш истаги чорлади. Маълумотларга кўра, иштирокчи
компанияларнинг умумий активлари 42 триллион долларни ташкил этади. Бу жаҳон
ялпи ички маҳсулотининг 38 фоизи дегани.
Мазкур рақамлар бу йилги Тошкент халқаро инвестиция форумида қайд
этилган ягона рекорд кўрсаткич эмас. Форумнинг юбилей санасида деярли барча
рақамлар янгиланди. Хусусан, саммитда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганлар сони
8,3 минг нафардан ошган бўлса, реал секторда 2,5 мингдан зиёд компания раҳбарлари
қатнашмоқда. Бу ўтган йилдагидан икки баробар кўп, айнан шунинг ўзи жаҳон
глобал бизнес вакилларининг мазкур тадбирга қизиқиши ҳамда мамлакатимиз
инвестицион жозибадорлиги тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
— Форумнинг юксак сиёсий нуфузини унда 62 та ҳукумат делегацияси
иштирок этаётгани ҳам яққол тасдиқлайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси
инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов. — Бу ўтган йилдагидан
деярли уч баробар кўп. Қолаверса, V Тошкент халқаро инвестиция форумининг
очилиш маросимида 10 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбари нутқ сўзлагани халқаро
саммитнинг беш йиллик ишидаги тарихий воқеликдир.
Бу йил иштирокчилар сони ҳам, нуфузи ҳам анча ошган. Рўйхатдан
ўтганларни таҳлил қилганимизда, илк бор АҚШдан ҳам ўнлаб йирик бизнес эгалари
келаётганига гувоҳ бўлдик. Бу тадбирга қизиқиш ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Қолаверса, унга халқаро молия ташкилотлари ва тижорат банкларининг 370 дан
ортиқ вакили жалб этилган. Форум ишини маҳаллий оммавий ахборот воситалари
вакилларидан ташқари дунёнинг 41 мамлакатидан келган 200 дан ортиқ хорижлик
журналист фаол ёритмоқда. Улар орасида Bloomberg, Reuters, Nikkei, Euronews,
BBC News, CGTN, TRT, The Independent, Xinxua сингари нуфузли халқаро ахборот
агентликлари ҳам бор.
Умуман, мазкур йирик тадбир мамлакатимиз иқтисодиёти учун катта
имконият, шу билан бирга, биз учун жиддий масъулият ҳамдир. Форумдан кутаётган
натижаларимиз юқори. Уч кунлик тадбирлар доирасида ўн миллиардлаб долларлик
янги инвестиция битимлари имзоланиши кутиляпти. Бунинг учун барча имкониятлар
ишга солинади, тадбирлар давомида имзоланадиган йирик лойиҳалар ҳам
тайёрланган. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорларимиз, ҳудудий тармоқлардан
умумий қиймати 82 миллиард долларлик таклиф ва лойиҳалар олинган. Тўғри, бу
ушбу лойиҳаларнинг ҳаммаси имзоланади, дегани эмас. Уларни саралаб,
инвесторларга тақдим этяпмиз, уларда қизиқиш уйғотган лойиҳалар бўйича кейинги
келишувлар белгиланади.
Америка бизнесининг
рекорд даражадаги иштироки
Форум иштирокчилари қаторида ўзимиз билган жаҳонга машҳур брендлар
номларини кўриб, ҳайратланмай иложимиз йўқ. Бундай йирик компанияларни
мамлакатга чорлаш у ёқда турсин, ўзаро алоқаларни ўрнатишнинг ўзи осон эмас.
Аммо бугун хорижлик инвесторларнинг ўзи юртимизга катта қизиқиш билан келяпти.
Бу йил уларнинг орасида АҚШлик ишбилармонлар кўпчиликни ташкил этаётгани
мамлакатимизнинг ривожланаётган иқтисодиёти глобал майдонда аллақачон ишонч
уйғота олгани, инвестицион жозибадорлиги ошиб бораётганининг яққол исботи.
Тошкент халқаро инвестиция форуми эса ҳар йили минглаб чет эллик
тадбиркорларнинг мамлакатимиз иқтисодий имкониятлари билан танишиши, маҳаллий
корхоналар вакиллари билан мулоқот қилиб, ҳамкорлик ўрнатиши учун шароит
яратмоқда, фаол платформага айланяпти. Ўтган беш йил ичида ушбу форум шунчаки
мулоқот майдонидан чиқиб, бутун Марказий Осиё минтақасининг инвестицион
жозибадорлигини намоён этаётган йирик тадбир сифатида эътироф этилмоқда.
Форумнинг мақсади ҳам шундай — мулоқотлар аниқ амалий ҳамкорликка айланиши,
хорижлик инвесторларни минтақа мамлакатлари билан фаол боғлаши керак.
Пойтахтимиздаги CAEx кўргазмалар мажмуаси айни жараёнларнинг қоқ
марказига айланган. Боиси, V Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўнлаб
учрашувлари айни шу ерда ўтказилмоқда. Бу йилги дастурдан ўрин олган тадбирлар
сони 36 тадан 79 тага оширилди. Иштирокчилар панель мунозаралар, инвестицион
питч сессия, давра суҳбатлари, бизнес мулоқотларда қатнашмоқда. АҚШ, Хитой,
Туркия, Озарбайжон, Саудия Арабистони каби қатор давлатлар вакиллари иштирокида
икки томонлама бизнес-форумлар ўтказиляпти. Уларда минтақамиз ва глобал
майдондаги энг долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда. Жумладан, саноатни
ривожлантириш, “яшил” энергетика, Марказий йўлак имкониятлари, рақамли
бошқарув, сунъий интеллект, ислом молияси ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига
алоҳида эътибор қаратиляпти. Спикерлар эса халқаро тоифадаги нуфузли
мутахассислардан иборат.
— Форумда АҚШнинг 193 та компанияси иштирок этяпти ва бу
мамлакатларимизнинг икки томонлама муносабатлари тарихидаги энг йирик бизнес
делегация иштироки, рекорд кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда, — дейди АҚШ Халқаро
тараққиёт молия корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блек. — Бу Америка бизнеси
Ўзбекистонни нафақат истиқболли бозор, балки узоқ муддатли сармоявий ҳамкор
сифатида кўраётганига ишорадир. Қолаверса, Марказий Осиё 100 миллиондан ортиқ
аҳолига эга жадал ривожланаётган минтақа бўлиб, Ўзбекистон ундаги асосий
фигурага айланган. Биз мамлакатда улкан иқтисодий салоҳиятни кўриб турибмиз ва
фаол ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка тайёрмиз. Кўплаб соҳалар бизни қизиқтиряпти.
Ҳатто бизнес-форум доирасида саноат, нефть ва газ, молия, авиация, сунъий
йўлдош алоқаси, рақамли инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида икки
томонлама ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Тадбиркорлар учун янги
формат
Халқаро форумнинг асосий тадбирларидан бири Миллий инвестиция
кўргазмаси бўлиб, бу йил иккинчи бор ўтказилмоқда. CAEx кўргазмалар майдони
айни тадбир руҳида безатилган. Умумий экспозициянинг марказида мамлакатимизда
қад ростлаган янги ва замонавий олимпия шаҳарчаси рамзи акс этиб турибди. Унинг
тагида эса Янги Тошкент шаҳрининг катта макети жойлаштирилган. Хорижлик
меҳмонлар эътиборини тортаётган бу мажмуадаги аксарият лойиҳаларда чет эллик
инвесторларнинг ўзлари ҳам иштирок этаётир.
Бу йилги кўргазма аввалгисидан фарқли. Майдон бўйлаб бирорта
маҳсулотни учратмайсиз, улар энг замонавий мониторларда электрон тарзда намойиш
этиляпти. Жараёнда интерактив форматларга урғу берилиб, замонавий
технологияларнинг энг илғор ютуқларидан фойдаланилган. Ҳар бир стендда
кўрсатилган махсус QR-код орқали электрон платформага кириш ва маҳсулотлар
каталоги билан танишиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси интернет тармоғи орқали амалга
оширилади ва бу борада меҳмонларга қийинчилик туғилмайди. Боиси, кўргазма
майдонига кирган ҳар бир кишининг мобил қурилмаси автоматик тарзда Wi-fi
тармоғига уланади.
— Замонавий ёндашувнинг қулай томони — тадбиркорлар аввалгидек
маҳсулоти намойиши билан овора бўлиб қолмай, асосий эътиборини инвесторлар
билан мулоқот қилиш, ўз лойиҳаларини таништиришга қаратяпти, — дейди “Yarentextil
Fotima” МЧЖ раҳбари Фотима Қурбонова. — Халқаро тажрибада ҳам хорижликлар аввал
маҳсулотлар билан онлайн танишиши оммалашган. Маъқул келса, ҳамкорлик босқичига
ўтади. Инвесторларни топиш, улар билан мулоқот қилишга келсак, бевосита
юртимиздаги қатор масъуллар бунда тадбиркорларга яқиндан кўмаклашяпти.
Қолаверса, айнан ишбилармон аёллар учун инвесторлар билан сессия ҳам ташкил
этилди. Унда хорижликларга лойиҳаларимизни тақдимот қилдик. Бундай кўргазмалар
янги ҳамкорлар топишга катта ёрдам беради. Масалан, ўтган йилги Тошкент халқаро
инвестиция форумида ҳунармандлик маҳсулотларимизни Нью-Йоркка экспорт қилиш
бўйича келишувга эришганмиз ва илк бор Америка бозорига кириб бордик. Бу йил
ҳам режаларимиз катта, чунки дунёнинг
100 дан ортиқ давлатидан келган минглаб инвесторлар ҳазил гап эмас. Бу
янги лойиҳалар учун жуда катта имконият дегани.
Бу йилги инвестиция форумида маҳаллий тадбиркорларни хорижлик
инвесторлар билан боғлаш, уларнинг ҳамкорлик ўрнатишига кўмаклашишга алоҳида
урғу бериляпти. Ҳатто юртимиз бизнес доира вакилларига лойиҳаларини
инвесторларга тўғридан тўғри тақдимот қилиш имконияти яратилди. Илк бор
тадбиркорларнинг инвесторлар билан мулоқоти учун соҳалар бўйича махсус
сессиялар ташкил этилган. Мазкур янги формат орқали форумда иштирок этаётган 3
мингдан зиёд маҳаллий ишбилармонни хорижлик бизнесменлар билан фаол боғлаш
ҳамда аниқ натижадорликка эришиш мақсад қилинган.
— Бу йилги форумда туманимиздаги бир қанча тадбиркорлар билан иштирок
этяпмиз, — дейди Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев. —
Уларнинг қизиқиши, иштиёқи жуда баланд. Чунки бу форум нафақат инвесторлар,
янги ҳамкорлар топиш, балки маҳаллий маҳсулотларимизни янги бозорларга экспорт
қилиш учун ҳам жуда катта платформа. Айнан инвестицион лойиҳалар экспортни ҳам,
ишлаб чиқаришни ҳам, ҳудудлар ривожи, янги иш ўринлари яратишни ҳам оширади.
Ўтган йили Иштихон туманига 70 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция
киритилган бўлса, бу йил маррани 170 миллион доллар қилиб белгилаб олганмиз.
Форум давомида хорижлик инвесторлар туманимизнинг драйвер тармоқларидан бўлган
узумчилик, қурилиш материаллари, туризм йўналишларидаги лойиҳаларга қизиқиш
билдиряпти. Мулоқотлар қизғин кечмоқда, дастлабки келишувларга ҳам эришдик. Бу
йил форумда маҳсулотлар, лойиҳалар айнан электрон форматда намойиш этилаётгани
қулайлик яратяпти. Дунёнинг кўплаб давлатларида кўргазмалар шу тарзда ташкил
этилади. Бугун кўргазма майдонида ўрнатилган стендлар жаҳон стандартларига тўла
жавоб беради. Электрон намойишларга қизиқиш билдирган инвесторлар билан
музокаралар ўтказяпмиз, уларни маҳсулотлар билан реал таништириш учун
ҳудудларга таклиф қиляпмиз.
Яъни миллий кўргазма шунчаки намойиш майдони вазифасини бажармай,
бевосита инвестиция лойиҳаларини имзолашга хизмат қилиши кўзда тутилган. Маҳаллий
ишбилармонлар орасида янги иш бошлаган, аввал хорижга чиқмаган, экспорт ва
ҳамкорлик масалаларида тажрибаси етарли бўлмаганлари ҳам бор. Шу боис, бу
борада уларга ҳар бир ҳудуддан келган ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар
вакиллари фаол кўмаклашяпти.
Сармоядорлар спорт
майдонида
V Тошкент халқаро инвестиция форуми бу гал ана шундай янгиликларга бой
тарзда ўтмоқда. Расмий учрашувлардан ташқари норасмий муҳитдаги мулоқотлар
йўлга қўйилгани хорижлик инвесторларда ҳам қизиқиш уйғотяпти. Хусусан, форум
тарихида илк бор ишбилармонлик дастури нуфузли спорт тадбирлари билан
бойитилди. Расмий мажлис залларидан ташқарига олиб чиқилган бундай учрашувлар
ҳамкорларга янада қулай танишув имкониятини яратди.
Хусусан, йирик инвестор ва хорижий делегатлар, маҳаллий тадбиркорлар,
давлат идоралари вакиллари форум доирасида ташкил этилган теннис турнири ҳамда
югуриш марафонида учрашдилар. Дастлаб иштирокчилар 15 июнь куни Олимпия
шаҳарчасида ўтказилган “TIIF Open” йирик теннис турнирида яккалик ва жуфтлик
форматида куч синашган бўлса, кейинги куни “Янги Ўзбекистон” боғида бўлиб ўтган
марафонда 3 ва 10 километр масофага югуришди. Эътиборлиси, спорт тадбирлари
Masdar, The Coca-Cola Company, Halyk Bank каби жаҳоннинг энг йирик компаниялари
кўмагида ўтказилиб, меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Бундай лойиҳалар форумнинг стратегик ва ижтимоий аҳамиятини ҳам намоён
этади. Қолаверса, ҳозир замонавий спорт дипломатияси ривожланиб, ишбилармонлик
алоқаларини ўрнатишга хизмат қилмоқда. Турли авлод ва давлатлар вакилларининг
спорт майдонларидаги бирлашуви умумий ҳамкорлик муносабатларини ҳам
ривожлантиради. Дўстона муҳит нафақат бугун қабул қилинадиган иқтисодий
қарорлар самараси, балки узоқ йиллар давом этадиган ҳамкорлик алоқаларида акс
этади.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми ана шундай мустаҳкам иқтисодий
алоқаларга замин яратмоқда. Уч кун давом этадиган форум доирасида 10
миллиардлаб долларлик йирик инвестициявий битим ва шартномалар имзоланиши
кутиляпти. Лойиҳалар бевосита юртимиз ҳудудларига кириб бориб, иқтисодий ривожланиш,
аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзини оширишга хизмат қилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири