Тадқиқотда товарлар ва хизматлар экспортининг ҳудудларга хос хусусиятларини очиб бериш ва тавсифлашда қиёсий таҳлил усули - RCА (Revealed comparative advantage) индексидан фойдаланилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, товарлар ва хизматлар экспорти тайёрлик даражаси бўйича 4 гуруҳга бўлинди: ресурслар (минерал, ноозиқ овқат, қишлоқ хўжалиги), қайта ишланган саноат товарлари (кимё, металлургия, тўқимачилик), юқори қўшилган қийматли товарлар (электротехника, машинасозлик, фармацевтика), сервис  (хизматлар).

Ўзбекистон экспортининг салмоқли қисмини қайта ишланган саноат товарлари (34,9 фоиз) ташкил этади. Бу асосан тўқимачилик саноати (Андижон, Наманган, Тошкент, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри асосий экспортчилар ҳисобланади) ва металлургия (Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри )нинг экспорт салоҳияти билан боғлиқ.
 
Ресурслар, яъни минерал (Тошкент, Бухоро вилояти), ноозиқ овқат хомашёси (Навоий, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти (16,5 фоиз) (Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари)  жаҳон бозорида талаб юқори бўлган углеводород хомашёси, кўмир, сабзавот ва мевалар мавжудлиги билан боғлиқ.

Юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортининг мамлакат экспортидаги улуши 5,3 фоизни ташкил этади. Булар асосан электротехника (Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти), фармацевтика (Тошкент, Сирдарё, Тошкент, Самарқанд вилоятлари), машинасозлик (Андижон, Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри) тармоқларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир.

Рақобат устунлигини баҳолашда ҳудудларнинг қуйидаги хусусиятлари аниқланди:

- мамлакат ҳудудларининг аксарияти ресурслар, хусусан, ноозиқ овқат хомашёси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятига эга, саноат маҳсулотларини қайта ишлашда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти салоҳиятга эга бўлиб, бу ҳудудий экспорт диверсификациясининг ижобий ҳолатидан далолат беради;

- юқори қўшилган қийматга эга бўлган товарлар, хусусан, электротехника ва машинасозлик товарлари, шунингдек, хизматлар экспортида бир ёқламалик кузатилади, бу эса ҳудудларда экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни оқилона жойлаштириш билан боғлиқ масалани кўриб чиқишни тақозо этади;

- юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтиришда Жиззах, Наманган, Тошкент, Сирдарё вилоятларида катта имкониятлар мавжуд.

Умуман олганда, Ўзбекистон ҳудудлари маҳаллий табиий хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори технологияли инновацион товарларни ишлаб чиқариш ва хизматларни таклиф этиш ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш борасида кенг имконият ва захираларга эга.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти