“Пул топиб, ақл топмаганлар-а”, дер эди раҳматли момом пулни нотўғри ишлатсак. “Машаққатли меҳнатларинг натижасини бундай исроф қилманглар, пул топиб бесамар йўқотаверсаларинг, бориб-бориб ақлни йўқотасизлар”, дея қўшиб қўярди.

Назаримда, биз шундай даврни бошдан кечиряпмиз. Кимошди тўй-ҳашамлар, таъзия маросимларидаги исрофгарликларни пул топиб, ақл топмаганлар қилди, десак ҳеч ҳам хато бўлмайди. Чунки бундай тадбирлар ҳақиқий мусобақага айланиб кетди. Унда ғолиблар бўлмайди, ҳамма ютқазади, аммо ҳеч ким бу бемаъни мусобақани тўхтатиш керак, ортиқча пулингиз бўлса, муҳтожларга ёрдам беринг, исрофгар­ликларнинг эртага жавоби бор, демади.

Бинобарин, Президентимиз бу муаммонинг олдини олиш зарурлигини биринчи бўлиб айтди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони иловасида 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бў­йича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши белгилаб қўйилди.

Айни дамда тўй-ҳашам, маърака ва маросимлардаги исрофгарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилиб, лойиҳалар ишлаб чиқилди.

“Маромийлик” лойиҳаси шундай лойи­ҳалардан. У Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари, маънавий-маърифий соҳага масъуллар, олимлар, зиёлилар, халқимиз томонидан қўллаб-қувватланди.

Энди миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги ортиқча расм-­русумлар — “куёв навкари”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказоларни ўтказиш тақиқланади.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлаб, ўйлаб топилган ортиқча тадбирлар — “етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни ўтказишга ҳам йўл қўйилмайди, тартибни бузганлар тегишли жавобгарликка тортилади.

Тўғрисини тан олиш керак, момом айтгандек бўлди: пулни бемақсад ишлатавериб, ақлни ҳам йўқотиб қўйдик. Бўғзигача қарзга ботиш, тўй қиламан деб қариндош-уруғдан бегоналашиш, тўйда пул сочиш, манманлик, мақтанчоқлик ақлни йўқотишдан бошқа нарса эмас. Ижтимоий тармоқларга ёпишиб олиш натижасида бизни ёруғ кунларга бошловчи манба — китоб ўқимай қўйдик. Китоб ўқимаслик тафаккурни торайтиради, тафаккури торлар эса ўша манманликка, мақтанчоқликка берилади.

“Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари муносабати билан уйма-уй юрганимизда ўзбек хонадонларининг 70 фоизида китоб жавони ҳам, китоблар тўплами ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик. Ҳудудларга борсангиз, одамлар “Саодат” журнали ҳали ҳам чиқяптими?”, “Гулистон” деган журнал ҳалиям борми?” деб савол беради. Мамлакатимизда нашр этилаётган газета-журналларнинг ҳатто номини билмайдиган мактаб директорларию маҳалла раислари бор, десам ишонаверинг.

Ақл қандай йўқолаётганини ҳаммамиз биламиз. Энди ақлни йиғиб олиш вақти келди. Бундан буёғига совчи бўлиб бораётган хонадонимизда китоб жавони борми-йўқлигига эътибор қаратайлик.

Энди бўлажак куёвга отасининг давлатига қараб эмас, дунёқараши, ўқишию уқувига қараб, баҳо берайлик. Насл-насабида зиёли, ҳунарли, имон-эътиқодлилар борлигига қараб, ришта боғлайлик.

Мустақил дунёқараши шаклланмаган, олий маълумот олмаган ёки ҳали бирор касб-кори йўқ йигитга қиз бериш, ҳаёт қи­йинчиликларини татиб кўрмаган, пул қаердан келиб, қаерга кетаётганини тушунишига ҳали анча бор эрка, тантиқ қизни келин қилиш оқибатида оилалар бузилаверади, “тирик етим”лар пайдо бўлаверади.

Пандемия шароитида ўтган З0 кишилик тўй маросимларини халқимиз хайрихоҳлик билан кутиб олганди. Қани эди карантиндан кейин ҳам тўйларнинг сарф-харажати шундайлигича қолганда, зўр бўларди деган фикр­лар билдирилганди ўша пайтда.

Нима учун билдирилган ўша фикрлар эсдан чиқди? Кўпчилик бўлиб маъқулласак, халқ муштарак мақсадда бир ёқадан бош чиқарса, албатта, рисоладагидек ихчам тўйлар бўлади. Бир кунлик дабдабага кетадиган маблағни ёшларнинг олий таълим олиши учун контракт пули, алоҳида уй-жой қилиши, компьютер жамламаларини олиши, тил ўрганиши, спорт билан шуғулланишига сарфласак яхши эмасми? Албатта, яхши. Буни тезроқ қилишимиз лозим.

 Сепга бунча кўрпа-тўшак нега керак?

  Тўрт қатор қилиб, хилма-хил духобадан, атласу адрасдан кўрпа, кўрпача ва ёстиқлар қилиш ҳамон урфда. Аслида, ҳозир булар нима учун керак? Уйимизда келинимиз ва ўзимиз қўшиб қилган 20 дан ортиқ кўрпа-­тўшак ва шунча ёстиқ жой эгаллаб ётибди. Қишки захини йўқотиш учун 6 йилдан буён ҳар ёзда офтобга ёямиз ва қайтиб киритиб қўямиз. Нима қилайлик: бировга бериб бўлмаса, ташлаб юборишга кўзинг қиймаса.

Аксарият келин-куёвлар бу кўрпа-тўшакдан фойдаланмайди. Чунки уларнинг ўзига мос замонавий, ихчам жомадонли кўрпа-­тўшаклари ва ёстиқлари бор. Бу пахтали тўшаклар оғир бўлгани учун уларни кексалар ҳам ёпинмайди. Шундай экан, улар нега келиннинг сепига тахланади?

Қадимда узоқдан келганлар тўй бўлган хонадонда бир неча кунлаб қолиб кетган ва мана шу кўрпа-тўшакдан фойдаланган. У пайтларда йўллар олислиги, транспорт муаммоси одамларнинг бир-бириникида тунаб қолишига сабаб бўлган. Ҳозир кўпчиликнинг шахсий транспорти бор. Айтилган вақтда тўйдан чиқиб, уйига етиб олиш имкони бисёр. Ҳатто ака-ука, опа-сингилларнинг ҳам бир-бириникида ётиб қолишга кўп ҳолларда вақти йўқ. Шундай экан, сон-саноқсиз кўрпа-тўшак, йиллаб жой эгаллаб турадиган чинни ва биллур идишлар нима учун керак?

Сарподаги ортиқча кийим-кечаклар, бир йил ўтмай урфдан чиқиб кетадиган пойабзаллар учун ҳам пулни ақл билан ишлатадиган вақт келди. Қудаларга сотиб олинадиган тўнлар ўша куни елкага ташланади, холос. У зарбоф тўнларни, майда қавилган чопонларни кийиб кўчага чиқиб бўлмаса. Қанча пулга олинадиган тўнлар йиллар давомида жой эгаллаб тураверади, тураверади. У тўйдан бу тўйга, у юбилейдан бу юбилейга ўтаверади, ўтаверади. Мана бизнинг аҳволимиз.

Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ота-оналарнинг фарзанди бошланғич таълимига, олий таълимига сарфлайдиган маблағини биз тасаввур ҳам қила олмаймиз. Уйини сотиб, қизини яхши мактабда ўқитган ва йиллар давомида рикша деган аравада яшаган ҳиндни ақли заифга чиқаришимиз мумкин. Бир истеъдодли боласи олий маълумотли бўлиши, турли лабораторияларда тажриба ўтказиши, қўшимча ўқув дастурлари сотиб олиши учун оилада

8 киши меҳнат қилиб, қобилиятини юзага чиқаришига ҳисса қўшган япон оиласини тушунишимиз наҳотки, шунчалар қийин.

Аксариятимиз ибратхона бўлган театрга бориши учун боламизга 50 минг сўм бермаймиз баъзида. Йил давомида уйимизга кириб келадиган хазина — газета-журналларнинг бир йиллик обунасига кетадиган пулни янги очилган кафе ёки ресторанга бориб бир кунда сарфлаймиз, ижтимоий тармоққа жойлаб, мана мен мундоқ жойда бундоқ овқат еяпман, дея кўз-кўз қиламиз. Мақсадингиз пулингиз кўплигини намойиш этиш-да, шундайми? Кечирасиз, боласининг ўқиши учун контракт пулини тополмаётган ака, даволанишига маблағ излаётган сингил, гўдак болаларини витаминли озиқ-овқат билан таъминлай олмаётган қариндош, коммунал тўловларни тўлашга қийналаётган қўни-­қўшни йўқми сизда? Йўқ бўлса, атрофга қаранг, унутмангки, маошдан маошга етишни ўйлайдиган, пенсия пулининг бир қисмини дори-дармонга тежаб ишлатадиган нуронийлари бор жамиятда яшаяпсиз.

Юртимизда ҳалол меҳнат билан пул топиб, уни мақсадли ишлатаётган оилалар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Улар ­еяётган овқати, уйи, ётоқхонаси, ошхонаси билан мақтанаётганларни ҳеч қачон тушунмайди, ўзлари ҳам мақтанмайди.

Фарзандлари билан янги-янги лойиҳалар устида ишлайди, набиралари билан шахмат ўйнайди, спорт мусобақаларига боради, қизлари билан кечалари уйқудан кечиб, илмий ишлар ёзади. Улар оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун машаққат чекишдан қўрқмайди. Улар учта иш ўрнини уч юзтага, уч мингтага етказиш ҳақида ўйлайди. Улар кибру ҳаво коррупциянинг илдизи эканини билади, манманлардан узоқ юради.

Зеро, ортга қайтмас ислоҳотларнинг, тараққиётнинг талаби ҳам шу. Ҳар бир қадамимизни ақл билан ташлаш, ҳар бир сўмимизни ҳисоб-китобли сарфлашни ўрганмас эканмиз, косамиз оқармайди, бошқаларга ҳавас қилиб юраверамиз.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими