Бирлашган миллатлар ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНEП) глобал иқлим исиши кўплаб шаҳарларда ҳароратни пасайтириш ва одамларни ундан ҳимоя қилишнинг янги усулларини топишга зарурат туғдираётгани ҳақида ёзди.
«Совутишнинг, айниқса, ҳарорат юқори бўлган шаҳарларда муҳим экани кўринмоқда. Бунинг аҳамияти „иссиқлик ороли“ таъсирига тушган шаҳарларда янада кучлидир — бетон ва асфальт қуёш энергиясини ўзига тортиб, уни иссиқлик шаклида қайта чиқаради ва қуёш ботгандан кейин ҳам узоқ вақт сақлаб туради. Шунингдек, двигателлар ва бошқа энергия сарфлайдиган транспорт ускуналари, саноат ва бино ичидаги совутиш чиқиндиларининг исиши шаҳарлардаги ҳароратни кўтаради», — дейилади хабарда.
Кондиционерлар совутиш учун стандарт ечим бўлса-да, улар ҳам муаммоларга олиб келади, дея таъкидлашади мутахассислар. Жумладан, энергия сарфлайдиган совутиш тизимлари ер ва иқлим исишига ҳисса қўшади. Совутиш мосламаларининг сони бугунги кундаги 3,6 миллиарддан 2050 йилга келиб 9,5 миллиард донага кўпайиши кутилмоқда.
ЮНЕП мутахасисслари шаҳар миқёсидаги чора-тадбирлар иссиқлик оқибатларини сезиларли даражада камайтиришини билдиришди. Одатда, қуёшли ёз кунларида қуёш нурининг 80 фоизини қайтарадиган тоза оқ томлар қуёш нурининг атиги 20 фоизини акс эттирадиган кулранг томларга нисбатан 30 даража совуқроқ бўлади. «ЮНEП шаҳарсозлик ва лойиҳалаштириш ишларига табиатни қайтариш имкониятларини кўриб чиқади, — дейди ЮНEПнинг шаҳарлар бўйича иш бошқарувчиси Мартина Отто. — Бир-бирига боғланган яшил бўшлиқлар, фасадлар ва томларни кўкаламзорлаштириш ҳамда пассив лойиҳалаштириш орқали шаҳарлар анъанавий қурилишни модернизация қилиши ва ҳароратни пасайтириши мумкин».