Шу боисдан ҳам бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда трансмиллий жиноятчилик учун жавобгарликни такомиллаштириш ва унга қарши курашиш устувор вазифалардан бири саналади.
Трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорлик мураккаб жараён бўлиб, халқаро ва миллий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинади[1]. Хорижий мамлакатларнинг трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини таҳлили асосида, ушбу давлатларни шартли равишда қуйидагича таснифлашни таклиф этамиз:
биринчи гуруҳ – жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорликка оид муносабатлар конституциявий нормалар билан тартибга солинган давлатлар;
иккинчи гуруҳ – жиноятчиликка қарши кураш бўйича халқаро ҳамкорликка тааллуқли масалалар жиноят ва жиноят-процессуал кодекслари билан тартибга солинган мамлакатлар;
учинчи гуруҳ – трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг турли йўналишлари, хусусан жиноят ишлари бўйича ўзаро ёрдам, экстрадиция, маҳкумларни топшириш тўғрисида махсус қонун ҳужжатлари қабул қилинган давлатлар.
Ўзбекистон Республикаси иккинчи гуруҳ мамлакатлар сирасига киради. Зеро Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 14-бўлимида мавжуд “Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг тартиби тўғрисидаги асосий қоидалар” деб номланган 64-боби, “Шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш” 65-бобида жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорликнинг айрим масалари тартибга солинган. Бироқ ЖПК нормаларида жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг барча масалалари тартибга солинган деб бўлмайди. Ушбу соҳада қонунчилигимизда учрайдиган камчиликлар (бўшлиқлар) тўғрисида тадқиқотимизнинг кейинги параграфи доирасида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Қуйида асосан учинчи гуруҳга мансуб давлатлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз. Зеро, жиноятчиликка қарши кураш масалаларининг алоҳида махсус қонунлар билан тартибга солиниши ушбу соҳада юзага келувчи ҳуқуқий муносабатларнинг барча жиҳатларини қамраб олиш имконини беради деб ҳисоблаймиз.
Аргентинада “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. 125-моддадан иборат мазкур қонунда трансмиллий жиноятчиликка қарши курашнинг барча масалалари, жумладан, мол-мулк ва ҳужжатларни топшириш, хорижий давлат ваколатли органининг сўровига асосан дастлабки қамоқни қўллаш, жиноят ишларини тергов қилишда ёрдам кўрсатиш, хорижий давлатда чиқарилган ҳукмларни ижро қилиш, муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш ва ҳукм ижросини тўхтатиш масалалари, хорижий давлат ваколатли органининг жарима ва мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисидаги ҳукмини ижро қилиш, ҳукмни ўзгартириш, Аргентинада чиқарилган ҳукмларни хорижий давлатда ижро қилиш каби масалалар батафсил тартибга солинган[2].
Шу каби Грузияда ҳам “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. 57-моддадан иборат ушбу қонунда трансмиллий ва бошқа турдаги жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, экстрадиция, жиноят ишлари ёки уларнинг тасдиқланган нусхаларини терговни давом эттириш учун бошқа давлатга ўтказиш, хорижий давлат судининг қарорларини ижро қилиш, бошқа давлатдан Грузияга ва Грузиядан хорижий давлатга маҳкумларни жазо ўташни давом эттириш учун ўтказиш каби масалалар тартибга солинган[3].
Бунда трансмиллий жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши белгиланган:
1. Расмий ҳужжатларни топшириш;
2. Грузия ваколатли органлари иш юритувидаги жиноят ишлари доирасида хорижий давлат ҳудудидаги шахсни сўроқ қилиш;
3. Грузияда қамоқда сақланаётган шахсни хорижий давлатдаги тергов ҳаракатларида иштирок этиши учун вақтинча ўтказиш;
4. Хорижий давлатлар ваколатли органларидан ҳуқуқий масалалардан ахборотлар олиш ёки уларга шундай ахборотларни тақдим қилиш;
5. Хорижий давлатлар ваколатли органларидан муайян жиноят иши доирасида ахборотлар олиш ёки уларга шундай ахборотларни тақдим қилиш;
6. Техник воситалар ёрдамида шахсни сўроқ қилиш;
7. Қўшма тергов гуруҳларини тузиш.
Швеция Конфедерациясида ҳам “Жиноят ишлари бўйича халқаро ўзаро ёрдам тўғрисида”ги Федерал қонун амал қилади. Мазкур қонуннинг
1-моддасига кўра, агар федерал қонунлар ҳамда халқаро шартномаларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ушбу қонун жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорликнинг барча масалалари, жумладан қуйидагиларни тартибга солади:
а) жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро қилиш учун қидирилаётган шахсларни ушлаб бериш;
б) хорижий давлатдаги жиноят процессига (жиноят иши бўйича) ёрдам кўрсатиш;
с) айбловни ўтказиш;
д) жиноий ҳукмларни ижро қилиш.
Германия Федератив Республикасида ҳам “Жиноят ишлари бўйича халқаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Мазкур қонунда экстрадиция масалалари (хусусан: жиноий таъқиб ва ҳукм ижросини таъминлаш учун ушлаб бериш, қўшимча жиноятлар учун экстрадиция, экстрадицияда ўзаролик принципининг қўлланилиши, қамоққа олиш тўғрисидаги санкция, дастлабки қамоқ, ушлаб берилиши сўралаётган шахс томонидан кўтарилган масалалар юзасидан қарор қабул қилиш, экстрадиция масаласининг суд музокарасида кўриб чиқилиши, экстрадиция қилиш учун қамоққа олиш, учинчи давлатга ушлаб бериш, вақтинча ушлаб бериш, тинтув ва олиб қўйиш, консул ёрдами, соддалаштирилган экстрадиция, экстрадиция қилишда транзитни амалга оширишга доир нормалар), хорижий давлат ҳукмларини ижро қилиш орқали ёрдам бериш масалалари (яъни: юрисдикция, ҳукмнинг мақбуллиги, қарорни тайёрлаш, хорижий давлат ҳукмини миллий қонунчилик нормаларига мувофиқлаштириш, ҳукмнинг мақбуллиги юзасидан қарор қабул қилиш, жабрланувчига компенсация тўлаш, мусодара қилинган активларни тасарруф этиш, қайтариш ёки тақсимлаш борасидаги келишув, ҳукмни ижро қилиш, ҳукмни ижро қилишга боғлиқ харажатлар, ҳукм ижросида хавфсизлик масалалари); ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалалари (жумладан: сўралаётган ёрдамнинг қонунчиликка мувофиқлигини кўриб чиқиш, суд қарори, сўров тақдим этилмаганда шахсий маълумотларни бериш, қўшма тергов гуруҳлари, аудиовизуал сўроқ қилиш, жиноят ишларини вақтинча хорижий давлатга ва хорижий давлатдан ўтказиш, гувоҳларни транзит олиб ўтиш, буюмларни (объектларни) топшириш, тинтув ва олиб қўйиш, халқаро судлар ва давлатлараро тузилмаларга ёрдам бериш тартиби), хорижий давлатга юборилаётган ва хорижий давлат ваколатли органидан қабул қилиниб олинаётган сўровларга қўйиладиган талаблар, Европа Иттифоқи аъзо давлатига экстрадиция қилиш, жиноят иши бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, далилларни топшириш, активларни мусодара қилиш масалалари тартибга солинган[4].
МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгаши томонидан жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги биргаликдаги чоралар бўйича Давлатлараро дастулар ишлаб чиқиб қабул қилиниши давом этмоқда. Ушбу дастурлар доирасида ҳар йили Ҳамдўстлик аъзо давлатларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари иккитомонлама ёки кўптомонлама асосда ўзаро келишилган тезкор-профилактик тадбирлар ва махсус амалиётлар олиб ўтказилади. МДҲ давлатлари ички ишлар вазирликлари, божхона хизматлари, хавфсизлик органлари ўртасида ахборот алмашинуви бўйича махсус маълумотлар базаси шакллантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
МДҲ давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорлиги – жиноятларнинг олдини олиш, фош этиш ва тергов қилиш, жиноятчиларни қидириб топиш, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш, жазоларни ижро қилиш, жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш фаолиятини самарадорлигини ошириш мақсадини кўзлайди.
Трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш соҳасидаги давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, ҳамкорлигини ташкил этишга қаратилган салмоқли халқаро ташкилотлардан бири – бу ШҲТнинг Минтақавий антитеррор тузилмаси (МАТТ) ҳисобланади. Мазкур тузилма ШҲТ аъзо давлатларининг Минтақавий антитеррор тузилма тўғрисидаги Битими билан таъсис этилган. Ушбу Битимнинг 6-моддасига кўра қуйидагилар МАТТнинг асосий вазифа ва функцияси ҳисобланади:
1. ШҲТнинг тегишли тузилмалари учун терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
2. Томонлардан бирининг сўровига асосан Томонларнинг ваколатли органларига терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда кўмаклашиш;
3. МАТТга Томонлардан келиб тушган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашга доир ахборотни тўплаш ва таҳлил қилиш;
4. МАТТ маълумотлар базасини шакллантириш, ушбу базада шунингдек халқаро террористик, сепаратистик ва бошқа экстремистик ташкилотлар, уларнинг тузилмаси, раҳбарлари ва иштирокчилари, уларга алоқадор бошқа шахслар, шунингдек молиялаштириш манбалари, Терроризм, сепаратизм ва экстремизм ҳолати, динамикаси ва тарқалиш тенденциялари; терроризм, сепаратизм ва экстремизмга ёрдам кўрсатувчи ноҳукумат ташкилотлар ва шахслар тўғрисида маълумотларни акс эттириш;
5. Томонлар ваколатли органларнинг сўровига асосан ахборот тақдим этиш;
6. Манфаатдор томонлар илтимосига кўра антитеррор тезкор тактик ўқув машғулотларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш;
7. Томонлар сўровига кўра терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича тезкор қидирув тадбирлари ва бошқа тадбирларни тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш;
8. Террористик жиноятларни содир этган шахслар қидирувини амалга оширишга кўмаклашиш;
9. Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш масалаларига доир халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этиш;
10. Антитеррор тузилмалари учун мутахассислар ва инструкторлар тайёрлашга кўмаклашиш;
11. Илмий амалий конференциялар, семинарлар тайёрлаш ва ўтказишда иштирок этиш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш масалалари бўйича тажриба алмашишга кўмаклашиш;
12. Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар билан алоқа ўрнатиш ва сақлаш.
Демак, ШҲТ МАТТ юқорида таҳлил этилган бошқа халқаро ташкилотлар каби аъзо давлатларга жиноятчиликка, хусусан терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш масалаларида яқиндан кўмак беради. Жиноятчиликка қарши курашда бундай ташкилотлар муҳим амалий аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ушбу ташкилотлар доирасида амалга оширилувчи халқаро ҳамкорликда фаол иштирок этиш, жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйишда ижобий натижаларни қўлга киритаётган бошқа халқаро ташкилотларга (Европол, Евроюст, OLAF ва бошқ) аъзо бўлиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Баён этилганларга асосан, ҳамда бошқа давлатларда жазо ўтаётган маҳкумларга жазони ўз давлатида ўташ имкониятини бериш орқали уларнинг жамиятда мослашишларига кўмаклашиш мақсадида, инсонпарварлик тамойили, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги ғояларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖПКни “Ўзбекистон Республикасининг чет элда жазо ўтаётган фуқароларини жазо ўташни давом эттириш учун қабул қилиш ва бошқа давлатларнинг Ўзбекистонда жазо ўтаётган фуқароларини топшириш” деб номланган 66-боб билан тўлдириш таклиф этилади.
Ҳамидов Нурмуҳаммад ,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси доценти,
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
Иқтибослар:
1. Бородин С.В., Ляхов Е.Г. Международное сотрудничество в борьбе с уголовной преступностью. Проблемы деятельности ООН в области предупреждения преступности и обращения с правонарушителями. М.: Между-нар. отношения, 2010. - 200 с.
2. www.imolin.org/doc/amlid/Argentina/Law_No._24767.pdf
3. https://matsne.gov.ge
4. Аct on international cooperation in criminal matters(AICCM) http://www.gesetze-im-internet.de/englisch_irg сайтида