Тарихга назар соладиган бўлсак, Марказий, Жанубий ва Шарқий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини, иқтисодий ривожланишини таъминлашда ҳамда алоқаларни мустаҳкамлашда ўзаро ҳамжиҳат бўлган. Буюк ипак йўли ҳамда Ҳинд-ганг йўли орқали маҳсулотлар, алоқалар, янги ишланмалар, билим, ҳунар ва маданий қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк хоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир.

Ҳозирда Республикамиз раҳбарияти ва масъул ташкилотлари томонидан Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу узвий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Натижада ҳар икки давлатнинг транспорт иқтисодий салоҳияти ўсишига эришилади.

Савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, бу борада қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилган.

Бутун дунёда озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик масалалари ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Давлат раҳбари илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Президент мазкур таҳлил маркази негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.

«Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий муштараклиги, мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига мос келувчи манфаатлари умумий фаровон келажакни барпо этишимиз учун асос бўладиган мустаҳкам пойдевордир. Биргаликда барқарор ривожланиш истиқболлари бўйича аниқ ёндашувга эга бўлишимиз лозим. Олдимизда Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евросиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди», – деди у.

Ўзбекистон портларимиз орқали дунёга чиқиши мумкин — Имрон Хон Покистон бош вазири ўзи ва ҳукумати «Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар» темир йўл лойиҳасини амалга оширишда кўмакчи бўлишини маълум қилди. Бу эса Ўзбекистон учун транспорт-транзит соҳасидаги ва савдо-сотиқ алоқаларидаги янги эшикларни очилишига замин яратади.

Ўзаро алоқаларни, парвозларни кўпайтириш, транспорт қатновини кенгайтириш орқали халқаро алоқаларни мустаҳкамлашимиз лозим. Покистон чегарасидан синов тариқасида йўлга чиққан юк машинаси 2 кун ичида Ўзбекистонга етиб келган ва бу жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев Имрон Хоннинг расмий ташрифини «давлатлараро муносабатлар тарихида янги саҳифа очадиган муҳим сиёсий воқеа» деб баҳолади. Ушбу алоқаларнинг ривожланиши денгиз йўли орқали бошқа минтақаларга ҳам савдо сотиқ алоқаларини ўрнатишга имкон яратади

Шунингдек, Имрон Хон Афғонистоннинг барча қўшнилари, минтақавий ва халқаро «ўйинчилар»ни афғон муаммоси юзасидан сиёсий келишувга эришиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирди. Чақириқ Афғонистон ва унга чегарадош бўлган давлатлар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзаро савдо айланмасини кўпайтириш, бунинг учун карго-авиақатновларини йўлга қўйиш, икки томонлама имтиёз ва преференциялар бериш ҳар икки давлатнинг иқтисодий манфаатларига ижобий ҳисса қўшади.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир масалаларнинг кўрилиши савдо алоқаларнинг ишончлилигига, хавфсиз ва қулай инфратузилмани шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Республикасиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда халқаро алоқалар ташкилотларининг бугунги кундаги Республикамиз ривожи ва равнақи учун қилаётган жонкуярликлари беқиёс. Бугунги кунда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар келажак авлодларимизнинг баркамол ва иқтисодий мустаҳкам салоҳиятга эга бўлган давлатда ўсиб улғайишларига замин яратади.

Ғ.САМАТОВ,

Тошкент давлат транспорт университети профессори,

иқтисодиёт фанлари доктори,

Д.ЙЎЛДОШEВ,

ассистент