Тадбирда ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболли йўналишлари, минтақалараро алоқаларни ривожлантиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда авиация ва коинот соҳасидаги алоқалар фаоллашгани, хусусан, Тулуза шаҳрида жойлашган авиакоинот соҳасидаги «Airbus», «Thales» каби йирик компаниялар ва Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан самарали муносабатлар ўрнатилгани таъкидланди.

Ўзбекистонлик тадбиркорларда Тулуза билан иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм соҳаларида алоқаларни янада кенгайтиришга қизиқиш катталиги маълум қилинди.

 Шаҳар вакиллари ҳам Ўзбекистон билан сермаҳсул алоқалар ўрнатишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Жорий йил март ойида Тулуза шаҳрининг қатор ишбилармон, академик ва маданий гуруҳлари иштирокида элчихонада «давра суҳбати» ташкил этилгани ушбу фикрни тасдиқлайди.

Минтақалараро муносабатларга рамзий маъно бериш мақсадида Тулуза шаҳрида «Ўзбек боғи»ни яратиш таклифи илгари сурилди. «Ўзбек боғи»да дастлаб мамлакатимиздан олиб келинадиган дарахт кўчатлари, кейинчалик эса унинг ҳудудида буюк ўзбек алломалари ҳайкалларини ўрнатиш таклифи билдирилди.