“Туман мудири ёндошувни, дунёқарашини ўзгартирмаса, натижа бўлмайди” — деб ўз сўзини бошлади вазир муҳокамада. 

Сирдарё вилоятига ҳам учинчи маротаба келинаётгани, афсуски, жойларда мутасаддиларнинг дунёқараши ўзгармаётганини таъкидлаб, мамлакат тараққиёти, эртанги келажак барчамизнинг, шу жумладан педагоглар қўлида эканлиги, 6 млндан ортиқ ўқувчиларнинг тақдирига биз масъул эканлигимизни яна бир бор эслатиб ўтди.

“Биргина оддий мисол, нафақат Сирдарёда балки бутун республикада ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари афсуски, бугунги кун талабига жавоб бермайди, битирувчилар атиги 5-6 та касб билан чегараланиб қолган, фаровон ҳаёт, эртанги мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган касбларни танламайди, сабаби бу касблар борлигини билмайди, бу бизнинг камчилигимиз, касблар ҳақида етарли тушунчалар бермаяпмиз, таништирмаяпмиз” — дея таъкидланди учрашув чоғида.

Шунингдек, учрашувда вилоятда таълим сифатини ошириш, мактабда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳар томонлама маънавий етук, мустақил дунёқарашга эга бўлган, мактабда олган билимларини ҳаётда қўллай оладиган битирувчиларни тарбиялашда педагогларнинг масъулияти тушунтириб берилди. 

Яқинда қабул қилинган 2022-2026 йилларда халқ таълими соҳасини ривожлантириш бўйича миллий дастур ва унинг ижросига қаратилган фармон ва қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Учрашув якунида соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда педагоглардан тортиб, мактаб директори, туман халқ таълими бўлими ва вилоят бошқармаси ходимларининг шахсий жавобгарлиги белгилаб берилди.

Таълим муассасаларидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган ҳудудий дастурлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда мактабларда ўқувчилар учун муносиб шароитларни яратиш, маҳаллий ҳокимликлар моддий-техник базасини, халқ таълими бўлимлари мактабдаги мазмун, яъни сифатли таълимни таъминлаб бериши зарурлиги тушунтирилди.