Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг асосий принциплари, атроф табиий муҳитга шовқин орқали зарарли таъсир кўрсатганлик учун компенсация тўловлари, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, давлат органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифа ва функциялари ҳамда жавобгарлик соҳаларининг аниқ чегаралари белгилаб қўйилмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси эса аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати ҳам тасдиқланмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланмоқда.
Яъни, тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.