Президентимиз 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Жалолиддин Мангуберди жасоратининг ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги тарихий аҳамиятини ҳисобга олиб, қатор топшириқ ва вазифалар берганди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июлдаги фармойишида бу топшириқлар ўз аксини топиб, Жалолиддин Мангуберди изидан Туркия, Мўғулистон ва бошқа мамлакатларга илмий-маърифий экспедициялар уюштириш, тарихий ҳужжатларни ўрганиш, асарлар яратиш сингари қатор вазифалар белгилаб берилди. Ўтган вақт оралиғида ўндан зиёд тарихий-илмий асар яратилиб, Хоразмнинг Урганч ва Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш юзасидан нуфузли анжуманлар уюштирилди.
Айни вақтда Жалолиддин Мангуберди сўнгги қўним топган жойда унинг рамзий мақбарасини қуриш бошланган. Ўтган йилнинг 10-19 октябрь кунлари Мўғулистонга экспедиция ташкил этилди. Мазкур илмий-маърифий экспедиция етакчиси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари, Мангуберди фонди раиси Бекзод АБДИРИМОВ билан суҳбатимиз шу ҳақида бўлди.
— Суҳбатимизни Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги фармойишида белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги маълумотлардан бошласак.
Фармойишда Жалолиддин Мангуберди изидан турли мамлакатларга илмий-маърифий экспедициялар уюштириш, кутубхона, музейлар, архив ва қўлёзмалар фондларида сақланаётган нодир асарлар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатларни ўрганиш, улардан нусха олиш, саркарда ҳаёти ва жасорати билан боғлиқ тарихий, бадиий-маърифий асарлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, сериаллар яратиш сингари қатор топшириқ ва вазифалар назарда тутилган.
2021-2022 йилларда Туркия, Қозоғистон, Мўғулистон каби давлатларга айнан мазкур ҳужжат ижроси доирасида сафарлар уюштирдик. Жумладан, 2023 йил якунида Мўғулистонда тадқиқотлар олиб бордик.
Ўзбекистон ва Мўғулистон қадимдан туркий халқлар яшаган, буюк давлатлар барпо этган қудратли хоқон боболаримизга бешик заминдир. Ўзбек тилининг аждоди — қадимий туркийда илк ёзма манбалар айнан мана шу ерда битилган. Буюк турк хоқонлиги даврида Шарқ ва Ғарб янада яқин ижтимоий-маданий алоқаларга киришган. Бу жараёнда Буюк ипак йўлининг аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Савдогарларимиз нафақат Ўрхун водийси, балки Хитойда ҳам эркин савдо-сотиқ қилган. Алп Эр Тўнга замонидан бошлаб, туркийлар муқаддас ватанни гоҳ шарқдаги, гоҳ ғарбдаги душмандан ҳимоя қилган эди. Уларнинг жанггоҳлардаги ҳайқириқлари ва нидолари бугунги кунгача Култегин, Билга хоқон, Тўнюқуқ битиктошлари орқали садо бериб турибди. Битиктошларда ватан манфаати йўлида хизмат қилиш, мамлакатнинг мустаҳкам, осойишта бўлиши учун кураш бош мақсад экани айтилади.
— Мўғулистондаги қадимий туркий ёзма манбалар қайси жиҳатлари билан бизга алоқадор ва уларда нима ҳақида сўз боради?
— Бу битиклар ёзилган қадимий туркий тил ўзбек тилига жуда яқиндир. Туркологлар фикрича, бу тилнинг замонавий ўзбек тили ва ўзбек тили шевалари билан бир хиллиги даражаси 59 фоиз. Ҳеч бир туркий тил ёки маҳаллий мўғул тили бу даражада яқин эмас. Битиктошлар тили замонавий ўзбекчага шу даражада яқинки, уларда ёзилган чақириқ ва мурожаатлар ҳам бизга қарата айтилгандек. Яна битиктошларда огоҳликка чорловчи фикрлар ҳам бор. Масалан, хоқонликнинг энг кучли рақиби Табғач томонидан бўладиган хавфдан халқни огоҳлантирувчи “Табғачнинг ширин сўзи‚ юмшоқ ипаги бўлади”, яъни уларга учиб, алданиб қолма, мазмунидаги мурожаатлар мавжуд. Тўнюқуқ битиктошида эрк, мустақиллик учун курашган бутун турк халқининг армону изтироблари баён қилинади, эрксизлик халқни оғир фожиаларга, ҳатто бутунлай йўқликка юз тутишига олиб келишидан огоҳлантирилади: “Хонингни қўйиб таслим бўлдинг. Таслим бўлгани учун Тангри “Ўл!” деган, шекилли, турк халқи ўлди, тугади, йўқ бўлди. Турк халқи ерида бирор уруғ қолмади. Чакалак орасида қолгани тўпланиб, етти юз нафар бўлди. Ўз хонини қўйиб, Табғач хоқонига сажда қилгани Тангрига ҳам хуш келмади. Уларни ҳар томонга тарқатиб юборди”.
Умуман олганда, битиктошлар мазмунида Буюк турк хоқонлари мамлакати — “Мангу эл”ни бирликка, уни ҳимоя қилишга даъвати ётади. Шунингдек, Ватанни, тупроқни ҳимоя қилиш мафкура даражасига чиққанини Метехоннинг “Тупроқ — ўзлик илдизи, уни қандай бировга берайин”, деган сўзларидан ҳам англаш мумкин. Ватан мудофааси ғояси, жасур ва мард бўлиш билан боғлиқ қарашлари уларнинг Кўктангрига эътиқоди билан мустаҳкамланган.
— Хоқон боболаримиз битиклари айнан биз — авлодларга қаратилган, дедингиз, айтинг-чи, улар бу билан нима демоқчи ва бу сўзларнинг долзарблиги қай даражада, деб ўйлайсиз?
— Бу буюк саркардалар халқни бирлаштириб, давлати қудратини юксалтирганди. Хоқонлар давлат амалдорларини ўз халқига хизмат қилишга ундаган. Масалан, битикларда “турк эли учун тинкаси қуригунча курашиш, турк халқи учун тунлари ухламасдан, кундузлари ишсиз ўтирмаслик шарт”лиги таъкидланади. Бугун ҳам юртимизда айнан шу тамойил асосида кучли халқчил сиёсат юритилмоқда.
Яқинда Туркий давлатлар ташкилотининг Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган йиғилишида Президентимиз маърузасини Билга хоқоннинг “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа — янада юксалгайсан!” деган сўзлари билан бошлади. Бу бутун туркий халқларда катта қизиқиш ва юқори кайфият билан кутиб олинди. Чунки бугун минтақамиз атрофида юз бераётган турли низолар, геосиёсий кучлар мувозанати ўзгаргани Марказий Осиё ва туркий халқларни янада жипслашишга ундамоқда.
Илмий ишим Жалолиддин Мангуберди тарихига бағишланган. Шу боис, чет элларда бир неча бор илмий сафарларда бўлдим. Айниқса, буюк саркарда хотирасини абадийлаштириш, ёшларимизни ватанпарвар қилиб тарбиялашда унинг тимсолидан фойдаланиш бўйича ташаббуслар ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлови илмий ишларимизга дастак бўлди. Мўғулистонга амалга оширилган илмий экспедициянинг асосий мақсади ҳам юртимиздаги ва у ердаги тадқиқотчиларнинг илмий ҳамкорлигини йўлга қўйишдан иборат эди.
— Мўғулистон деганда, кўз олдимизга кенг яйловлар, чорвадорлар ўтовлари, уюр-уюр йилқилар гавдаланади. Шунингдек, китобларда ўқиб, расмларда кўрганимиз Чингизхоннинг даштдаги катта ҳайкали ҳам эсимизга тушади. У ердаги энг нуфузли ўқув даргоҳ, машҳур кутубхона ва ажойиботларга бой музейлар ҳақидаги маълумотлар ҳам газетхонларга бирдай қизиқ...
— У ердаги энг машҳур олий даргоҳ Мўғулистон Миллий университети. Таълим муассасаси 1940 йил ташкил қилинган бўлиб, 6 та йўналишга, 3 та миллий институтга эга ва мамлакатдаги энг йирик интеллектуал марказ ҳисобланади. Университетда 1200 дан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият юритади, 22 минг талаба таҳсил олади. Миллий университет билан танишувимиз Туркология институти директори Анхабаёр Дануу бошчилигида кутубхонадан бошланди. Мамлакатнинг иккинчи рақамли кутубхонаси эса АҚШнинг Стенфорд университети кутубхонаси стандартлари асосида шакллантирилган. Кутубхона 7 қаватли бинодан иборат ва унда 500 мингга яқин китоб фонди, 10 мингдан ортиқ электрон китоб, ўнлаб ўқув хоналари, битта имконияти чекланганлар учун ўқув хонаси, ноёб қўлёзмалар фонди ва архиви, кутубхона музейи, эски ва қадимий китобларни реставрация қилиш бўлимлари мавжуд.
Кутубхона фаолияти билан танишилгандан сўнг унинг директори, профессор Ганбаатар Серен хоним билан ҳам музокаралар ўтказилди. Музокаралар давомида университет кутубхонаси электрон фонди билан юртимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети, Урганч давлат университети кутубхоналарининг электрон базаларини умумлаштириш, ҳар икки томондан ҳам эркин фойдаланиш имкониятлари ўрганилди ва қатор келишувларни амалга ошириш белгилаб қўйилди. Сафар давомида Мўғулистон Миллий кутубхонасида ҳам бўлдик. Кутубхона 3,5 миллиондан ортиқ китоб фондига эга, уларнинг 400 мингдан зиёди қўлёзма. Сафаримиз чоғида юртимиздаги университетларимиз кутубхоналарининг Мўғулистон Миллий кутубхонаси билан боғланиш имкониятлари ҳам ўрганилди. Кутубхонада сақланаётган она Ватанимиз тарихига оид адабиётлар ҳақида маълумотлар тўпланди.
Албатта, Мўғулистондаги музейлар фаолияти билан танишиб, уларда юртимиз тарихига оид маълумотларни ўрганиш, видеоматериаллар тайёрлашни ҳам мақсад қилиб олгандик. Режаларимиз кўнгилдагидек амалга ошди. Улан-Батордан 66 километр жануби-ғарбда жойлашган Тўнюқуқ битиктоши, Чингизхоннинг 44 метрли ҳайкали остидаги Чингизхон кичик музейи, Улан-Батордан 400 километр олисдаги Култегин ва Билга хоқон битиктошлари, Хорхорум (қадимги Қорақурум) музейларига бордик. Уларнинг фаолияти, юртимиз тарихига оид жуда кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, махсус видеорепортажлар тайёрладик.
— Сафар чоғида илк бор ўзбек-мўғул тарихчиларининг илмий конференцияси бўлиб ўтди. Бу халқаро анжуман ўзбек олимларига нима берди?
— “Хоразмшоҳлар ва мўғуллар алоқалари” мавзусидаги халқаро илмий конференция чиндан ҳам ўзбек-мўғул тарихчиларининг биринчи шундай форматдаги тадбири эди. Ўзбекистон ва Мўғулистон тарихининг энг мураккаб даври айнан XIII асрнинг биринчи ярмидир. Бу Чингизхон бошчилигида катта қўшин юртимизга бостириб кирган, унга қарши Жалолиддин Мангуберди бошчилигидаги ватанпарварларнинг юрт озодлиги йўлидаги курашув давридир. Шу нуқтаи назардан, биз Чингизхонни босқинчи деймиз, мўғуллар эса энг буюк қаҳрамон сифатида билади. Шунинг учун конференция олдидан маърузалардаги фикрлар у ёки бу олимнинг ўз фикри, уни маъқуллаш ёки маъқулламаслик ҳар кимнинг ўз иши экани келишиб олинди. Ҳақиқатан, ўзбек ва мўғул олимларининг бу мавзудаги илмий мунозарасини тасаввур қилиш қийин эди. Анжуманда юртимиздан 5 нафар, мўғулистонлик 8 нафар тадқиқотчи маъруза қилди. Уларда Чингизхон авлодларининг ислом динини қабул қилиши, Олтин Ўрда илм-фанида хоразмлик алломаларнинг роли, Чиғатой улуси ва Олтин Ўрда муносабатлари, Жалолиддин Мангубердининг мардонавор озодлик кураши мавзуларига тўхталиб ўтилди.
Мен Чингизхон даврида Туркистондан мажбурий олиб келинган асирлар ва уларнинг Хитой ва Мўғулистон тараққиётидаги ўрни, уларнинг авлодлари тақдири мавзусида маъруза қилдим. Туркистондан олиб кетилган асирлар Мўғулистонда маҳаллий аҳолига деҳқончилик сир-асрорларини ўргатган, Қорақурум шаҳри қурилишида хитойлик усталар билан бирга ишлаган, уларнинг авлодлари эса мўғул давлатчилиги тараққиётида катта ўрин тутган. Улар нафақат ташқи қиёфаси, балки бошқа маҳаллий аҳолига нисбатан меҳнатсеварлиги, жасурлиги билан ажралиб турган.
Яқинда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишида кўтарилган 9 та устувор йўналишдан бири халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини ривожлантириш, бой маданий меросимизни халқимизга ва хорижий сайёҳларга кенг таништириш билан боғлиқ. Мўғулистонга ташкиллаштирилган илмий-маърифий экспедиция ҳам икки давлат ва халқларни бир-бирига таништириш, яқинлаштириш, ўзаро илмий-маданий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшишига ишонаман.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Гуличеҳра ДУРДИЕВА
суҳбатлашди.