Телевизор ва қўшнилари орқали давлатимиз раҳбари томонидан уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида 2018 йилнинг 20 апрель куни қабул қилинган «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони ҳақида эшитган Турғуной ая 2019 йилда айнан ушбу масалада ёрдам сўраб Андижон шаҳар Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади. Мурожаат шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади. 2019 йилнинг 21 декабрь куни комиссия аъзолари томонидан тасдиқланган далолатнома асосида Андижон шаҳар ҳокимининг 964-Қ сонли қарори қабул қилиниб, Турғуной Мадумаровага яшаб келаётган хонадоннинг ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланади.

Аммо ҳаёт ташвишлари сабаб онахон қилган мурожаати ёдидан кўтарилади. Зарурият туфайли эсига тушганда эса ўша пайтда қилган мурожаат рақамини тополмайди ва муаммонинг ечимини топишда ёрдам сўраб, Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилади.

Турғуной аянинг мурожаати адлия ҳамда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари томонидан тегишли тартибда кўриб чиқилди ва куни кеча онахонга ҳоким қароридан кўчирма тақдим этилди.

-Ўғилларимни чиқарганман, қизимнинг ўғли яъни неварам Жаҳонгир билан бирга яшайман, - дейди Турғуной Мадумарова. – Бобоси уйни шу боламнинг номига ўтказиб беришимни васият қилиб кетган. Лекин ҳужжати йўқ уйни мерос қилиб, қолдиришнинг имкони йўқ экан. Йиллар ўтгани сайин диққатим ошарди, тезроқ шу муаммони ҳал қилсам эди дердим. Мана бугун сизлар олиб келган хушхабар сабабли елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Энди навбат уйни кадастр қилдириб, нотариус орқали номига ўтказиб бериш қолди холос. Бунинг учун аввало юртбошимизга, сизларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ.