Бу борада Туризм қўмитаси томонидан Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари асосида мақсадли ишлар амалга ошириб келиняпти. Хусусан, ички туризм хизматларини диверсификация қилиш ва ҳажмини кескин кўпайтириш, фуқароларни мамлакатимизнинг туризм салоҳияти билан таништириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тақдим этилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, замонавий хизматлар инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромад манбаини кенгайтириш ишлари жадал ва тизимли равишда давом эттириляпти.

Жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат туризм салоҳиятини хорижда кенг тарғиб этиш ва ички туризм оқимини ошириш мақсадида хорижий ва маҳаллий телекомпаниялар ва интернет платформалари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларга қўл урилди.

Жумладан, дунё бўйлаб умумий аудиторияси 2,5 миллиарддан ортиқ бўлган Британиянинг “BBC”, Европанинг “Euronews”, АҚШнинг “Amadeus” рақамли онлайн платформаси ва Хитойнинг “Trip.com” йирик онлайн-саёҳат платформаси билан қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти.

Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг “Holiday factory” сайёҳлик компанияси ва “Visa Fasilitation Servises Global” (VFS Global) маъмурияти билан, шунингдек, “Numa GmbH” компанияси билан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини марказий Европанинг уч давлати Германия, Австрия ва Швейцарияга тегишли сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш, “Lonely Planet” халқаро нашриёт компанияси томонидан “Best in Travel 2024» лойиҳаси орқали Ўзбекистонда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, “EVERCOM” хизматидан фойдаланган холда Испаниядаги туризм соҳасидаги профессионал харидорларни жалб этиш, ATOR – Россия туроператорлари уюшмасининг рақамли онлайн платформаси орқали ҳар ой мақолалар ва баннерларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва жозибадорлигини тарғиб этишга доир лойиҳалар амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

2023 йилда элчихоналаримизнинг лойиҳалари учун ажратилган 20 миллиард сўм маблағлари доирасида PR кампаниялар ҳам ўтказиляпти. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистоннинг хориждаги 34 та дипломатик ваколатхоналари томонидан 196 та лойиҳа амалга ошириляпти.

Республиканинг туристик салоҳиятини тарғиб этиш ва туристлар оқимини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 28 та хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига маблағ ажратилди.

Бундан ташқари жорий йилнинг 10 ойи давомида 16 та халқаро туризм ярмаркаларида миллий туризм стенди ва тадбиркорлик субъектлари иштироки таъминланди. Буюк Британия, Малайзия ва Тожикистон давлатларида Қўмита томонидан маданий тадбирлар ташкил этилиб, мамлакатимизнинг гастрономик туризм имкониятларига доир тақдимотлар ўтказилди.

2023 йилда хорижий ОАВ вакиллари ва таниқли блогерлар учун мамлакатимиз бўйлаб пресс-турларни ташкил этиш мақсадида 10 миллиард сўм ажратилган бўлиб, йил бошидан бугунги кунга қадар Ўзбекистон бўйлаб 26 тадан ортиқ инфо ва пресс турлар ташкил этилди.

11-17 май кунлари ҳудудлар бўйлаб Германия туристик ассоциациясининг (Deutscher Reiseverband, DRV) 80 нафар вакилидан иборат делегацияси ташрифи ташкил этилди ва 16 майда Тошкент шаҳрида Туризм форуми (Destination forum), B2B учрашувлар ўтказилди. Ушбу лойиҳа Германия туризм индустрияси айланмасининг қарийб 90 фоизини бирлаштирган Германия туризм ассоциацияси (“DRV”) билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Мазкур лойиҳа натижасига кўра қўшимча 500 минг европалик сайёҳлар жалб этилади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.