Тадбирни очиб берган Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов юртимизда туризм соҳасида кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлади.
“Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан жорий йилда соҳа тадбиркорларига кўплаб янги имтиёзлар яратилди, долзарб муаммоларга ечим топилди. Жумладан, янги меҳмонхоналар қуриш, дунёнинг нуфузли меҳмонхона брендларини жалб этиш харажатларини қоплаш учун субсидиялар 2027 йилгача узайтирилди, — деди вазир. — Шунингдек, тўсиқсиз, инклюзив туризмга алоҳида эътибор қаратиляпти. Минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларга мамлакат бўйлаб саёҳатларининг 50 фоизи, меҳмонхоналарга ногиронларга ўз объектларини мослаштириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бундан ташқари, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Халқаро туризм академияси очилди”.
Таъкидлаш жоизки, ислоҳотларнинг самараси ўлароқ Ўзбекистоннинг туризм борасидаги халқаро имижи яхшиланди. “The New York Times”, “The Guardian”, “The Independent”, “Global Muslim Travel Index”, “National Geographic Traveler Awards”, “Lonely Planet” ва бошқа етакчи хорижий нашрлар юртимизнинг туризм салоҳиятини юқори баҳоладилар.
Тадбир давомида туризм ривожига ўз ҳиссасини қўшган санъат ва маданият арбоблари, давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг 60 нафари “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Кўкрак нишонини Азиз Абдуҳакимов тантанали тарзда топширди ва тақдирланганларнинг кейинги фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилади.
“2030 йилга келиб юртимизга ташриф буюрадиган хорижлик сайёҳлар сонини 15 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Ишончим комилки, сизлар билан бирга буни уддалаймиз ва яна кўплаб қизиқарли лойиҳаларни биргаликда амалга оширамиз”, — деди вазир.
Тадбир сўнггида иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Маълумот учун, “Туризм фидоийси” кўкрак нишони Президентнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5781-сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сонли қарори билан таъсис этилган.