Туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ташаббусига кўра, республикадаги 315 та жойлаштириш воситасида хизматлар учун - 50 фоизгача, 90 та умумий овқатланиш шохобчасида эса хизматлар учун 60 фоизгача ихтиёрий чегирмалар эълон қилинди.
Жумладан, яқинлашиб келаётган «Янги йил» байрамини муносиб ўтказиш ҳамда ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан 2021 йил 1-3 январь кунлари байрамни нишонлаш даврида авиакомпаниянинг барча маҳаллий қатновларига қуйидаги чегирмалар жорий этилди:
- индивидуал йўловчилар учун – 30 фоиз;
- туристик гуруҳлар (5 ва ундан ортиқ киши), мактаб ўқувчилари, коллеж ўқувчилари, лицейлар, олий ўқув юртлари, ИИВ, МВ, ДХХ, ДСҚ, ЎзР ДБҚ ва бошқа идораларнинг махсус ўқув юртлари талабалари ва тингловчилари учун – 40 фоиз;
- оила (2 ва ундан ортиқ киши, яъни: эр ва хотин, эр ва хотин ва уларнинг 18 ёшгача бўлган болалари, 18 ёшгача боласи бўлган ота ёки 18 ёшгача боласи бўлган оналар) учун – 50 фоиз;
- нафақахўрлар учун – 50 фоиз;
- ногиронлиги бўлган кишилар учун – 50 фоиз.
Ўзбекистонда ички туризмга рухсат берилгани муносабати билан мамлакатимиз фуқароларининг дам олишини мазмунли ташкил этишда уларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланиб, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.