Австралиядаги авиакомпаниялардан бири Qantas коронавирус пандемияси туфайли кўплаб буюртмалар ва саёҳат қилиш тартиблари ўзгараётган бир вазиятда ўзгача услубдаги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, мамлакатдагилар учун "сирли саёҳат" уюштирилади. Унда атиги 120 нафар йўловчи иштирок этади. Саёҳатнинг сирлилиги шундаки, самолётнинг қаерга учиши ва қўнишини ҳеч ким билмайди. Саёҳат нархи жойига қараб 577 доллар (эконом-класс) ва 1233 доллар (бизнес-класс) этиб белгиланди.

Ҳаётимизга кириб келганига бир йилдан ортиқ муддат бўлган коронавирус ҳамма нарсани ўзгартириб юборди. Иш жойи ва мактабни уйга кўчирдик, ишга қатнаш услубини ўзгартиришга кўникдик. Эндиги саёҳатлар ҳам аввалгиларига ўхшамайди. Жамоатдан ажралган дам олишлар оммавийлашди. Яшаб турган ҳудудидан ташқари саёҳат қилиш имкони торайди.

Сирли парвозлар Бризбен, Мелбурн ва Сиднейда май ойига қадар амалга оширилади ва йўловчилар олдиндан эълон қилинмаган исталган аэропортга қўнадилар. 

Компания ходими Стефан Таллининг айтишича, ноёб саёҳатга навбатда турганлар талайгина. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад – туризм саноатини рағбатлантириш. 

Компания самолётнинг қўниши эълон қилинмагунча йўналишларни сир тутмоқда.

Чипталар 10 дақиқадаёқ сотилиб кетган. Бу компания тарихидаги энг тез сотилган парвоз эканлиги таъкидланмоқда.