Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари вазир Жамшид Ходжаев бошчилигида ҳамда мамлакатимиз соҳага оид идоралари раҳбарлари иштирокида Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли бошчилигидаги Туркиянинг катта делегациясини қабул қилди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ташриф доирасида икки мамлакат агросаноат салоҳияти асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фаол ривожлантиришга қаратилган сиёсий ва бизнес даражасидаги учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар доирасида учта ҳужжат:
- Агросаноат соҳасида стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича Йўл харитаси;
- Ўзбек-турк қўшма ишчи гуруҳининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги учинчи йиғилиши якуний баённомаси;
- Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва тараққиёти соҳасида икки мамлакат аграр вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик мақсадлари юзасидан баённома имзоланди.
Тадбирнинг асосий қисмида Ўзбек—Турк бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди. Асосан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган бизнес-форумда Туркия ва Ўзбекистоннинг давлат ташкилотлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.
— Қишлоқ хўжалигининг салоҳияти 2019 йилдан буён бугунги кунга қадар 66 та лойиҳа доирасида 401 млн доллар турк инвестицияларини жалб этган, — дейди Жамшид Ходжаев. — Бугунги кунга қадар 42 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилган. Пахта ва ғалладан ташқари 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятига баҳо берилди. Куни кеча биз туркиялик тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, муаммолар, тўсиқлар ва таклифлар борасида сўзлашдик. Албатта муаммоларни бартараф этиш ва қизиқарли таклифларни амалга ошириш устида ишлаймиз. Давлат-бизнес, бизнес-бизнес форматдаги турли даражадаги мулоқот платформаларини яратиш ҳар икки тараф эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш, инвестиция ва янги технологияларни жалб этишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб, бу пировардида ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга олиб келади.