Бу жараёнда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва амалий ғоялари ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. “Янги Ўзбекистон — Янгиланган туркий дунё билан бирга” тамойили бугун нафақат сўз, балки аниқ амалий йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон туркий давлатлар билан савдо, саноат, транспорт, таълим ва маданият соҳаларида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйди.
Давлатимиз Раҳбарининг раҳнамолигида мамлакатимиз бу ташкилотда фаол, ташаббускор ва ҳамжиҳатлик сиёсатини олиб бориб, туркий ҳамкорликни стратегик даражага олиб чиқди.
Шу маънода, Озарбайжоннинг қадимий Габала шаҳрида 2025 йил 7 октябр куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити ҳам туркий бирдамлик тарихида янги саҳифа очди. Саммит “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўтди ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунёнинг истиқбол йўлини белгилаб берди.
Геосиёсий ўзгаришларда — туркий давлатларнинг ягона позицияси
Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугунги беқарор геосиёсий вазиятда туркий давлатлар бирлиги, ишончи ва дўстлигининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Жумладан, давлатимиз Раҳбари таъбири билан айтганда, “даврнинг ўзи биздан глобал бошқарув тизимини чуқур ислоҳ қилишни, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ролини оширишни ва ривожланаётган давлатларнинг овозини мустаҳкамлашни тақозо қилмоқда”.
Бу чақириқ Президент Мирзиёевнинг дунё сиёсатидаги адолат, барқарорлик ва тенглик ғояларига садоқатини яққол намоён этди. Унинг БМТ тизимини ислоҳ қилиш, давлатлар тенглиги тамойилини илгари суриши халқаро ҳамжамиятда кенг қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон етакчиси туркий мамлакатлар нафақат географик яқин, балки маънавий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан ҳам бир-бирига узвий боғлангани ва шу боис, уларнинг ягона позицияда ҳаракат қилиши — бугунги дунёдаги беқарорликка қарши энг ишончли жавобдир.
Иқтисодий ҳамкорликда янги босқич — Тошкентда Туркий кенгаш маркази
Саммитдаги энг муҳим таклифлардан бири — Туркий давлатлар Иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев бу кенгашнинг лойиҳа офисини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ташаббус амалга ошса, Туркий дунёда иқтисодий интеграциянинг янги модели яратилади. У савдо алоқаларини кенгайтиради, инвестиция муҳитини яхшилайди ва юзлаб янги иш ўринларига замин яратади. Мамлакатимиз Раҳбари бу йўналишда қатор илғор ғояларни илгари сурди:
1) “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизими орқали эркин савдо ва логистика жараёнларини рақамлаштириш;
2) “Яшил трансформация консорциуми” тузиш орқали экологик тоза технологияларни жорий этиш;
3) “Саноат альянси” ташкил этиш орқали етакчи компанияларни бирлаштириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш.
Бу ташаббуслар нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам туркий дунё бирдамлигининг амалдаги ифодасидир. Бунда марказ сифатида Тошкентнинг танланиши — Ўзбекистоннинг минтақа миқёсидаги нуфузи ва ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Инновация, илм-фан ва ёшлар — умумтуркий тараққиёт пойдевори
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда таълим, фан ва ёшлар сиёсатига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон 2025–2026 йилларда туркий университетлар иттифоқига раислик қилади. Бу даврда Тошкентда “Туркий илм-фан ва инновациялар кунлари” ўтказилади ва туркий давлатлар халқаро университети ўз фаолиятини бошлайди.
Бу ташаббуслар ёш авлодда умумтуркий дунёқарашни шакллантириш, илмий салоҳиятни бирлаштириш ва янги инновацион экотизим яратишга қаратилган.
Маънавият ва мерос — умумий руҳий устун
Давлатимиз Раҳбари ўз нутқида Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий юбилейларининг маънавий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг инсонпарвар ғояларини кенг тарғиб этишни таклиф қилди.
“Низомий ва Навоий ижоди — туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси — бугунги маънавий сиёсатдаги муҳим қадамдир. Бу ташаббус нафақат маданий яқинликни, балки умумий руҳий устуворликни намоён этади. Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари ва Низомийнинг ақл ва маърифат ҳақидаги қарашлари туркий халқлар маънавиятини бирлаштирувчи буюк кўприкдир.
Шу билан бирга, экстремизм ва радикализмга қарши Ҳаракатлар режасини қабул қилиш, исломофобияга қарши ҳамжиҳат позицияни шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Бу эса туркий дунёда маънавий барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Туркий дунёдаги Ўзбекистон овози
Габала саммити Туркий давлатлар ташкилотининг нуфузини янги босқичга олиб чиқди. Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши эса бу жараёнда Ўзбекистоннинг етакчи ва ташаббускор давлат сифатидаги мавқеини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистон Президенти маърузаси амалда аниқ ижобий ўзгаришлар тенденциясини бошлаб беришга, изчил ҳамжиҳатликни кўзловчи янги халқаро сиёсий йўл харитадир.
Бу шубҳасиз, туркий дунёда иқтисодий, илмий ва маънавий бирликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда туркий ҳамжиҳатлик ғоясининг марказида, айнан Ўзбекистон овози — тинчлик, ислоҳот ва тараққиётга қаратилган сиёсий ирода турибди. Шавкат Мирзиёевнинг ташаббус ва илғор ғоялари эса “Янги Ўзбекистон”ни “Янгиланган туркий дунё”нинг етакчи пойдеворига айлантирмоқда.
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти