Учрашувни очар экан, Ўзбекистон делегацияси раҳбари О.Бекарни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади ва келгуси касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий–гуманитар муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган кенг кўламли масалаларни ҳал этишда ўзаро англашувнинг юқори даражаси, шунингдек, турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани қайд этилди.

Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратилди: 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган турк инвестициялари ҳажми қарийб 950 миллион долларни, Республикада турк капитали иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони эса 1 576 тани ташкил этгани таъкидланди. Томонлар Ўзбекистонда лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда турк инвесторларни жалб қилиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб, Республикада инвестиция ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда турк тадбиркорларига ҳар томонлама кўмак беришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Алоҳида тартибда Ўзбекистонда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TICA) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган техник ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишида ижобий ўзгаришлар давом этаётгани қайд этилди. Масалан, жорий йилнинг дастлабки икки ойида ўзаро савдо ҳажми 27,6 фоизга ошди. Томонлар савдо соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 5 миллиард долларга етказиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

Шу нуқтаи назардан, Имтиёзли савдо бўйича битимни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Унинг имзоланиши ўзаро савдо ҳажмини жадал суръатлар билан ошириш имконини беради.

Мулоқотда қатор икки томонлама тадбирлар, жумладан, жорий йилнинг апрель ойида Туркия ҳукумати ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда май ойида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия йиғилишини, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форумни ташкил этишнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Туркиянинг инвестиция муҳитини яхшилаш, ҳудудларни ривожлантириш ва эркин иқтисодий зоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича тажрибасини мамлакатимизда жорий этиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, қурилиш, транспорт ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги етакчи турк эксперт-маслаҳатчиларини Ўзбекистонда ишлашга таклиф этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.