Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6262-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5185-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан қуйидагилар амалга оширилди.
Соҳани ҳуқуқий тартибга солиш бўйича 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, шундан 3 таси вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда, 3 таси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилган, 2 таси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиб, биринчи ўқишдан ўтган, 3 та идоравий ҳужжат тасдиқланган.
Агентлик тизимини малакали мутахассислар билан бутлаш мақсадида, 831 нафар агроном-инспектор, 801 нафар соҳа мутахассиси ва 168 нафар масъул ходим ишга қабул қилинди.
Илмий салоҳиятни ривожлантириш соҳасида:
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти биолабораториясида “Калифорния қалқондори”нинг паразит энтомофаги ва “Маккажўхори парвонаси”нинг паразит энтомофаги маҳаллийлаштирилди ҳамда кўпайтириш технологияси ишлаб чиқилди. Натижада зарарли организмга биологик усулда қарши кураш имкони пайдо бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти биолабораторияларида Pseudaphicus malinus ва Encarsia formosa энтомофагларини кўпайтириш технологияси йўлга қўйилди. Бу эса, зарарли организмга қарши кўпроқ майдонларда биологик ишлов бериш учун асқотади.
Лаборатория шароитида қовун пашшасини кўпайтириш учун махсус ҳашаротхона, яъни Insectarium ясалиб, ҳашаротнинг 1 авлод етук зоти олинди ҳамда 2 авлод олиш учун илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда қовун пашшаси кўпайтирилиб, унинг биоэкологияси, зарари ўрганилади. Шунингдек, феромон тутқучларни самарасини ҳам ўрганиш имкони юзага келади. Бундан ташқари, эркак зотини бепушт қилиш мақсадида инсектариум ясалиб, қовун пашшаси кўпайтирилади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти томонидан 2 турдаги энтомофаг нематодаларни кўпайтириш ҳамда улар асосида биопрепаратлар тайёрлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Тошкент давлат аграр университети ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти билан биргаликда ўсимликларни биологик ва кимёвий ҳимоя қилиш бўйича 40 та методологик қўлланмадан иборат ”Ўсимликлар ҳимояси” тўплами яратилиши устида иш олиб борилмоқда.
Франциянинг “SOFRECO” агентлиги билан 2021-2023 йиллар давомида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти ва унинг минтақавий филиаллари илмий ходимларининг малакасини ошириш, шунингдек Туркиянинг Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари
ва сиёсати институти билан унинг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этишга келишилди.
Соҳани рақамлаштириш йўналишида
Агентликнинг “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилган бўлиб, 30 мингдан ортиқ фермер ва деҳқон хўжаликларининг
ер майдонларини қамраб олинган. Ушбу ахборот тизими экспортга кўмаклашувчи “Assalam agro” электрон платформаси билан интеграция қилинди.
Шунингдек, Туркия тажрибаси асосида “e-Fitouz” тизими орқали минерал ўғит ва пестицидларни қўллаш занжирининг барча босқичларини тўлиқ назоратини таъминлаш учун QR-код электрон бошқарув дастури ҳамда “Фермер паспорти” электрон маълумот базаси ишлаб чиқилмоқда.
БМТ Тараққиёт Дастури доирасида Фарғона водийсида 24 та ”Агрометеостанция” ва 12 та “Ақлли феромони тутқич” ўрнатилиб, “Фитоконсалтинг маркази” фаолияти пилот лойиҳа сифатида йўлга қўйилди.
Республика агрокимёвий таҳлил маркази ташкил этилди ва унинг ҳудудлардаги филиаллари бино-иншоотлар билан таъминланди ҳамда
9 та ҳудудда лаборатория асбоб-ускуналари ўрнатилди.
Минерал ўғитлардан самарали фойдаланишни ташкил этишда агрокимёвий хаританомалар (картограмма) ишлаб чиқиш учун 182,5 минг гектар майдондан тупроқ намуналари олинди.
Тугатилаётган “Ўзагрокимёҳимоя” акциадорлик жамиятининг ҳудудий жамиятларига тегишли 1 миллион тоннадан ортиқ сиғимга эга 163 та марказий омборлар ва унинг шахобчалари фойдаланиш учун кимё корхоналари ва кластерларга топширилди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти
ва соҳадаги изланувчилар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 млрд. сўмлик грантлар эълон қилинди.
Халқаро алоқалар, грантларни жалб қилиш йўналишида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси ҳамда агрокимё соҳасини халқаро илғор тажриба асосида ривожлантириш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фаолиятига 11 нафар халқаро эксперт жалб этилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Тошкент (2 та) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги 5 та ўсимликлар карантини чегара масканларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) 6,7 млн. долларига тенг грант маблағни жалб этиш ва Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги лойиҳа доирасида соҳани ривожлантириш учун 5,8 млн. долларига тенг маблағни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикасининг 2,9 млн. доллари, Қишоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро фонди (IFAD) лойиҳасининг 183,0 минг долларига тенг маблағлари ҳисобига фитосанитария лабораториялар учун асбоб-ускуналар олиб келинмоқда.
Агентлик ва Хитой карантин хизмати ўртасида 2021-2022 йиллар давомида ҳамкорлик қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури имзоланиб, мутахассислар малакасини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти номенклатурасини кенгайтиришга келишилди.
Шу асосда жорий йил 10 август санасида Ўзбекистондан Хитойга лимонни экспорт қилиш бўйича Баённома имзоланди. Шунингдек, Хитой мутахассисларини жалб қилган ҳолда жорий йил якунига қадар
300 нафар ходимлар малакасини оширишга келишилди.
“ORGANIC” ва GLOBAL G.A.P. халқаро стандартлари асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида агротехнологияларини яратиш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Чегарадош қўшни давлатлар билан зарарли чигиртка тарқалишига оид маълумотларни алмашиш тизимини жорий қилиш ва ҳамкорлик режаларини тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
“Агробанк” Акциядорлик тижорат банки билан ҳамкорликда АҚШ, Туркия, Нидерландия тажрибалари асосида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида ажратилган махсус ер майдонида Ўсимликларни ҳимоя қилиш намунавий Маркази ташкил этилди ва ҳозирда унинг туманлардаги шохобчалари ташкил этилмоқда. Бунинг учун 10 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишида фаолият юритувчи
189 та хўжалик юритувчи субъектга бир ой муддатда 120 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Ушбу маблағнинг 67,5 млрд. сўми моддий техник таъминотни яхшилашга, 8,4 млрд. сўм ускуна ва жиҳозлар сотиб олишга ва 44,1 млрд. сўм айланма маблағларга йўналтирилди.
Шунингдек, “Фермерлар мактаби”да ўсимликлар ҳимояси бўйича интенсив ўқув курслари ташкил қилинди. Ушбу ўқув курсларда бир йил давомида 200 нафарга яқин мутахассис малакасини ошириш режалаштирилган.