Миллий палата маълумотига кўра, Туркиянинг «Medical Park» клиникалар тармоғида тажриба тўплаган Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорлари 300 нафардан зиёд беморни кўрикдан ўтказди.
Андижонлик беморларни тиббий текширувдан ўтказиш учун малакали нейрохирург, онкохирург, травмотолог-ортопед, гематолог ва бошқа мутахассислар жалб этилди.
Ушбу тиббий қабул Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва «Medical Park» клиникалар тармоғи ўртасида 2022 йил февраль ойида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасида уюштирилди.
Меморандум, шунингдек, мамлакатимизнинг турли минтақаларидаги беморларни аниқ ташхислаш ва даволашга Туркиядан малакали шифокорларни жалб қилиш, Туркия тиббиёт муассасаларида мамлакатимиз шифокорларининг малака оширишини ташкил этиш, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига энг яхши халқаро тажрибаларни жалб этиш сингари қатор вазифаларни ҳам назарда тутади.