Суд қарори билан ака-ука Меҳмет Айдин ва Фотиҳ Айдин “жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш“, “жиноий ташкилотга раҳбарлик қилиш“ ва “оғирлаштирувчи ҳолатларда фирибгарлик“ жиноятлари учун ҳар бири 45 376 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.

Қайд этилишича, улар кўплаб фуқароларга катта даромад ваъда қилиб алдаб келган. “Çифтлик Банк“ деб номланган тизим асосчиси Меҳмет Айдин икки йилдан ортиқ вақт давомида қочиб юрганидан сўнг Туркия сўровига кўра Бразилия томонидан депортация қилинган. Тергов доирасида қочоқ сифатида қидирилаётган Фотиҳ Айдин 2021 йил июль ойида Уругвайда қўлга олинган ва Туркияга экстрадиция қилинган.

Суд уларнинг ҳар бирини 45376 йил 6 ой қамоқ жазосига, шунингдек 496 миллион турк лираси (13,7 миллион доллар) жарима тўлашга ҳукм қилди.

Ҳуқуқий жиҳатдан бундай ҳукмлар амалий аҳамиятга эга эмас, чунки маҳкумлар минг йиллар давомида яшай олмайди. Бироқ, бу бир нечта рамзий мақсадларга хизмат қилади: жиноятларнинг оғирлигини таъкидлаш - айниқса, минглаб одамлар жабрланган бўлса; профилактика чорасига айланиш - бундай жиноятлар учун имкон қадар қаттиқ жазо берилишини кўрсатиш учун; ҳуқуқий ҳимояни таъминлаш - айбловлардан бири бекор қилинган тақдирда ҳам, катта жазо жиноятчининг муддатидан олдин озодликка чиқишига имкон бермайди.