Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Коджа чоршанба куни республикада коронавирусга қарши бир вақтнинг ўзида 13та вакцина устида иш олиб борилаётганлиги тўғрисида эълон қилган.
— Туркияда 13та вакцина тайёрлаш бўйича иш олиб бориляпти. Улардан учтаси бўйича жониворлар билан ўтказилган синовлар якунига етди, — деб таъкидлаган у Анқарадаги матбуот анжуманида.
Шу билан бирга август ойи бошида Туркия Президенти Тайип Эрдоган Туркиялик вакцина ишлаб чиқарувчилар коронавирусга қарши вакцинанинг бирини одамларда клиник синовдан ўтказишга рухсат олганлиги ҳақида маълум қилган.
29 июлда вазир Коджа Туркия вакцина тайёрлаш масаласи бўйича Россия ва Хитой билан алоқада эканлиги ҳақида хабар берган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигида 7 августда эълон қилинишича, Гамалея номидаги Марказда тайёрланган коронавирусга қарши вакцина 12 августда рўйхатга олиниши, уни ишлаб чиқариш эса сентябрда бошланиши керак. Шунингдек, ТАССнинг хабарида энг аввало шифокорлар ва қариялар эмланиши эслатилган.