Туркиянинг кино ишлаб чиқарувчи “Altınkesıt”  масъулияти чекланган жамияти продюсери Мустафа Гюнеш, мазкур ширкатнинг бош маслаҳатчиси Зебинисо Камалова, “Colony Film” акциядорлик жамияти ижрочи директори Мустафа Пекчай Ўзбекистон Кинематорафия агентлиги раҳбар ва мутасаддилари билан учрашиб, ижодий ҳамкорлик бўйича музокара олиб боришди.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов меҳмонларга  ташриф учун миннатдорлик билдириб, ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги маданий алоқалар узоқ ўтмишга бориб тақалаши, бугунги кунда икки давлат раҳбарлари томонидан ҳамкорлик  алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, бу муносабатлар  кинематография соҳасида ҳам давом этиши лозимлигини таъкидлади.

“Altınkesıt”  кино ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамияти продюсери Мустафа Гюнеш ўз навбатида туркиялик киноижодкорлар ҳамкорликка ҳар доим тайёр эканликларини, хусусан, ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақда кинолойиҳалар амалга ошириш ниятида эканини билдирди, дея хабар беради Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.

– Амир Темур нафақат ўзбек, балки бутун туркий халқларнинг фахру ифтихорига муносиб давлат ва сиёсат арбобидир, - деди Мустафо Гюнеш. – Ҳар икки халқдан етишиб чиққан зиёлилар, олим ва ёзувчилар Амир Темур ҳақида асарлар битишган. Бироқ, бу асарлар фақат китобларда қолиб кетмаслиги керак. Шу боис, ҳамкорликда буюк саркарданинг ҳаётини ҳаққоний ёритиб бера оладиган телесериал ва бадиий фильм яратиш ҳар икки тарафнинг зиммасига катта масъулият юклайди.

– Биз бу таклифдан бениҳоя мамнунмиз, - деди агентлик раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. – Амир Темур мавзусида фильм яратиш шахсан муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек киноижодкорлари олдига муҳим вазифа қилиб қўйилган. Бу борада туркиялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда иш олиб бориш  фойдадан холи бўлмайди.

Музокаралар давомида ҳамкорликда фильм ёки сериал суратга олинадиган бўлса, сценарий ўзбекистонлик мутахассислар томонидан туркиялик ҳамкорлар иштирокида яратилиши, фильмдаги  асосий воқеалар мамлакатимиз ҳудудида суратга олиниши таъкидлаб ўтилди. Туркиялик киноижодкорлар бир неча кун давомида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, бу ерда темурийлар даврида яратилган тарихий обидалар, кинолокациялар билан танишадилар, ўзбекистонлик киноижодкорлар билан учрашувлар, мулоқотлар ўтказилади.