Қўшни давлат делегациясини Ўзбекистон–Туркманистон чегара маскани, Олот туманидаги «Олот» чегара божхона постида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари О. Рустамов, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси А.Кучкаров, Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов ҳамда бошқалар тантанали кутиб олдилар.

Шу куннинг ўзида хориж делегацияси Бухоро шаҳридаги сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “BUKHARA AGROKLASTER DZZ”,

кўп тармоқли даволаш ҳамда диагностика марказига асос солинган замонавий тиббиёт муассасаси “Carmen plyus” МЧЖ, тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, жинси мато ва ундан кийим-кечак тикиб тайёрлашга ихтисослашган “BUKHARA COTTON TEXTILE” МЧЖ каби йирик корхоналарда бўлиб, улар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Жумладан, вилоят марказидаги Шайх ул олам кўчасидаги 3 гектар ерда қад ростлаган сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган “BUKHARA AGROKLASTER DZZ” МЧЖ корхонаси шу йил март ойида ишга туширилган бўлиб, биринчи босқичда 25 нафар ишчи–мутахассисни ўз бағрига олган. Йиллик қуввати 30 минг тонна сутни қайта ишлашга мўлжалланган субъект умумий қиймати 4,4 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан, ташаббускор тадбиркор Темур Шариповнинг ўз маблағи 2,2 миллион АҚШ долларини, АТБ «Агробанк» вилоят филиали кредит улуши эса 2,2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корхона цехларида юқори сифатли ишлаб чиқариш дастгоҳлари Италия ҳамда Россия давлатларидан олиб келиб ўрнатилган.

Ёки кўп тармоқли даволаш ва диагностика маркази–“Carmen plyus” МЧЖ ни олсак, Бухоро шаҳри Намозгоҳ кўчасида, 1 гектар ер майдонида қад ростлаган мазкур замонавий тиббиёт муассасаси 2020 йил декабрь ойида ишга туширилган бўлиб, лойиҳа қиймати 8,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 3 миллион АҚШ доллари бевосита АТБ «Миллий банки» вилоят филиали кредит линиясидир. Эътиборлиси, айни кунда 65 нафар малакали мутахассис, тиббиёт ходимига эга бу тиббиёт масканида 20 минг беморга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.

Туркманистон Республикаси делегацияси мазкур корхоналар иш услуби, хорижий инвесторларга юртимизда яратилган шарт-шароит, қолаверса, маҳсулот экспортига оид ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Умуман, 12-15 июль кунларига мўлжалланган расмий ташриф давомида Туркманистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Б.Атдаев бошчилигидаги делегациянинг биринчи Ўзбекистон–Туркманистон ҳудудлараро форумида иштирок этиши, Ўзбекистон Респyбликаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан учрашуви, икки қўшни давлатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва халқ амалий санъати экспозицияси билан танишувлари, Ўзбекистон–Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг Қўшма Йиғилишида, шунингдек, Ўзбекистон–Туркманистон ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида икки томонлама учрашувларда қатнашиши кўзда тутилган.

Расмий учрашув ва мулоқотлар билан бирга, қатор маданий–маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати